60 та қотилликни ташкил этишда айбланаётган «криминал авторитет» Аслан Гагиев (Жако) Австриядан Россияга гўёки аэрофобияси (самолётда учишдан қўрқиш) борлиги туфайли олиб келинмади. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри ёзмоқда.

Газета маълумотларига кўра, Австрия ҳукумати Россия бош прокуратурасининг Гагиевни экстрадиция қилиш тўғрисидаги талабини қондирган. Бироқ, Жако самолётга ўтиришидан олдин унинг адвокатлари жиноий оламда катта нуфузга эга бўлган эркак Австрия қамоқхонасида «аэрофобиянинг камдан кам учрайдиган шакли»га чалинганини маълум қилишди, ҳамда тегишли маълумотномани тақдим этишган.

Фото: Аслан Гагиев (Жако) / INTERPOL

Австрия Адлия вазирлиги ва Интерпол ҳужжатларни ўрганиб чиқаётганида эса, Гагиевнинг ҳимоячилари Вена Олий ер судидан айбланувчини топшириш бўйича аввал қабул қилинган барча қарорларни бекор қилишни талаб этишган.

Нашрга Россия Тергов қўмитасидаги манбанинг айтишича, маҳкамадагилар Гагиев декабрь охири – келаси йилнинг январь ойи бошида барибир «Лефортово» тергов изоляторига олиб келинишидан умид қилишмоқда.

«Бу ерда гап аэрофобияда эмас! Шунчаки Жако Россияда уни умрбод қамоқ жазоси кутаётганини яхши тушуниб турибди!» - дея таъкидлаб ўтган манба.