Литий-ионли батареялар узоқ 1991 йилдаёқ бозорларга чиққан. Ўша вақтдан бери уларнинг баъзи кўрсаткичлари яхшиланган, бироқ ҳанузгача бундай батареялардан энг илғорларининг ҳам қувватланишига бир соатдан кўп вақт кетади. Samsung яратган графен батарея эса бор-йўғи 12 дақиқада қувватланади.

Янги технология Samsung’га графитдан олинадиган углерод элемент – графенни кремний диоксиди (SiO2) қўллаб кўп миқдорда шарчалар (аниқроғи, бодроқ доналари  шаклида) синтезлашга имкон беради. Бу шарчалар батареяга электр ўтказувчанликни ҳимоялаш ва таъминлашга ёрдам беради. Шу тариқа қувватлаш вақти қисқаради ва шу билан бир вақтда юқори ҳароратлардан ҳимоя таъминланади. Графен шарчалар литий-ион батареяларда анод ва катод ўрнини босади.  

Фото: phys.org
Фото: phys.org

Маълумки, графен электр токини кремнийдан 140 марта тезроқ ўтказади, бу эса батарея қувватланиши тезлигини 5 марта оширади. Бундан ташқари, батареяларни тайёрлаш учун графен шарчалардан тайёрланган материалларни қўллаш уларнинг сиғимдорлигини 45 фоизга оширади. Samsung Advanced Institute of Technology (SAIT) томондан яратилган технология ҳароратни 60 градусгача ушлаб туради, бу эса ушбу технологияни электрокарлар учун қўллашни ҳам ўринли қилади.  

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу технология аккумуляторлар саноати учун ҳақиқий “портлаш” бўлиши мумкин. SAIT ўз технологиясига АҚШ ва Жанубий Кореяда патент олиш учун ариза берган.