Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг баёнот беришича, ташкил этилганига 2 йил бўлган Ислом коалицияси терроризм батамом йўқотилгунича, унга қарши кураш олиб боради. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар қилди. 

"Биз уларга (террорчилар) бизнинг тинчликпарвар динимизни бузишига йўл қўймаймиз. Бугун биз терроризмга қарши курашиш учун жиддий ишлаётганим ҳақида огоҳлантираяпмиз", - деган Саудия тахти валиаҳд шаҳзодаси. У Терроризмга қарши Ислом ҳарбий коалицияси мудофаа вазирларининг йиллик учрашувида шундай баёнот берди. 

"Бугун биз шуни тасдиқлаймизки, биз терроризм тўлиқ йўқ бўлмагунча, уни таъқиб қиламиз", - деган шаҳзода бин Салмон. 

Саудия етакчилигидаги коалиция таркибида 40 га яқин аъзо бўлиб, 2015 йили араб давлатлари ИШИДга қарши курашда амалий чоралар кўрмаётганига доир танқидлардан сўнг ташкил этилган эди. Унинг қўшма амалиётлар ўтказиш қўмондонлиги Ар Риёдда жойлашган. 

Саудия шаҳзодасининг баёноти Мисрнинг Шимолий Синай ярим оролидаги Сўфий масжидида амалга оширилган даҳшатли терактдан сўнг янгради. Миср прокурорига кўра, террорчилик оқибатида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, шундан 27 нафари болалардир. Бундан ташқари 128 киши яраланганди.