Британия тахтининг бешинчи вориси шаҳзода Ҳарри америкалик актриса ҳамда фотомодель Меган Марклга унаштирилди. Бу ҳақида душанба куни Кларенс-Хаус канцелярияси - Ҳаррининг отаси, валиаҳд шаҳзода Чарльзнинг қароргоҳида маълум қилинди. 

"Ҳазрати Олийлари Уэльс шаҳзодаси шаҳзода Ҳаррининг Меган Маркл билан унаштируви ҳақида эълон қилишдан бахтиёр. Тўй 2018 йилнинг баҳорида бўлиб ўтади", - дейилади канцелярия хабарида.

Унда таъкидланишича, унаштирув маросими Лондонда ноябрь ойида бўлиб ўтган. Ҳарри бу ҳақида бувиси, қиролича Елизавета II ва Виндзорлар қироллик оиласининг бошқа аъзоларини хабардор қилган, шунингдек бўлғуси тўйга маҳбубасининг ота-онасидан розилик олган. 

Кларенс-Хаусда қайд этилишича, 16 ойдан бери учрашиб келаётган 33 ёшли Ҳарри ва 36 ёшли Меган бундан буён Кенсингтон саройининг Ноттингем коттежида истиқомат қилишади.