Хитойда 39 ёшли эркак ўзининг Jaguar маркали автомобилини чўктиришга уриниш чоғида ўзи чўкиб кетди. У буни суғурта пулини олиш мақсадида қилган, деб хабар бермоқда South China Morning Post.

Таъкидланишича, эркак машинаси тиклаб бўлмас даражада зарарланса суғурта компаниясидан 75 минг доллар олишини билганидан сўнг шу ишни қилишга қарор қилган. Бозорда эса бу машина 60,6 минг долларга баҳоланган.

Газета маълумотларига кўра, хитойлик автомобилни мобиль телефондан бошқарилувчи масофавий дастур ёрдамида чўктирган. Шундан сўнг у ўзининг 29 ёшли таниши билан сувга сакраган. Уларнинг ғоясига кўра, қиз қирғоққа дарҳол чиқиб олиши, эркак эса – масофадан бошқариш қурилмасини олиб ташлаш учун машинага сузиб бориши лозим бўлган. Қиз қирғоққа чиқиб олгач, полицияни чақириши лозим эди.

Натижада эркак қурилмани олиш чоғида машинада тиқилиб қолган, ҳамда ҳаётдан кўз юмган. Хабар қилинишича, унинг шериги қандайдир жазога тортилиши ҳозирча номаълум. Суғурта компанияси бу ҳолат бўйича ҳеч нарса тўламади.