Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан Чилонзор тумани, «Бешқўрғон» маҳалласида ўтказилган «Тозалаш-Антитеррор» тадбири давомида, жами 363 нафар Республикамизнинг турли вилоятларидан келиб, муайян иш жойига эга бўлмаган, вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан ҳамда хонадон эгаси билан ижара шартномаси расмийлаштирмай яшаб келаётган шахслар аниқланиб, уларнинг барчаси туман ИИБ томонидан текширилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар бермоқда.

Текширув давомида, 28 нафар фуқаролар профилактик ҳисобда турувчи ва 127 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар эканлиги аниқланди. Шунингдек, 117 нафар фуқаролар Республикамизнинг бошқа вилоятларидан келиб, Тошкент шаҳрида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаб келаётганликлари аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 223-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. 

Бундан ташқари, 17 нафар хонадон эгалари ўз хонадонларини ижара шартномасини расмийлаштирмаган ҳолда яшаш учун тақдим этганлиги аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 223-моддаси 3-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар юзасидан МЖтКнинг 159-1-моддаси 1-қисми тартибида қонуний чора кўришлик учун туман ДСИга юборилди. 

Шу билан бир қаторда, жами 2 нафар вояга етмаганлар бемақсад, ота-онасининг назоратисиз юрганлиги аниқланиб, Тошкент шаҳар ИИББ ВЕИХЁКМга жойлаштирилди.

25 ноябрь куни соат 23:30да эса, ИИББ ходимлари томонидан «Тозалаш-антитеррор» тадбири давомида, «JAGUAR», «SHABNAM» ва «DON» кафеларида жами 45 нафар фуқаролар шахсини аниқлаш мақсадида туман Ички ишлар бошқармасига олиб борилиб текширилди.

Текширув давомида, мазкур шахслардан 16 нафари фоҳишалик билан шуғулланувчи аёллар эканлиги аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан баённомалар расмийлаштирилди ва ИИББ Реабилитация Марказига топширилди.

Шунингдек, 5 нафар фуқаролар «JAGUAR» кафеси олдида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда жамоат тартибини қўпол равишда бузиб, ўзаро жанжаллашиб турган вақтларида, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ушбу шахсларнинг ҳаракатларига чек қўйилиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.