Тожикистоннинг Панж тумани суди раисига болта билан ҳужум қилган Диловар Олимов 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм куни кеча чиқарилди ва ҳозирча қонуний кучга кирмади, деб хабар берди Хатлон вилоят суди раиси ўринбосари Темур Бойзода.

Унинг сўзларига кўра, Диловар Олимов Тожикистон Республикаси ЖКнинг уч моддаси, жумладан одам ўлдиришга суиқасд қилиш бўйича судланди.

Ҳодиса Панж тумани суди биносида 31 август куни кечқурун юз берган. Диловар Олимов туман суди раиси Давлатманд Раҳимзоданинг хонасига кирган ва унга болта билан ҳужум қилган. Воқеа оқибатида Раҳимзода жароҳат олди ҳамда шифохонага олиб кетилди, унинг хонасидаги барча мебель эса яроқсиз ҳолатга келган.

Диловар Олимов бир кундан сўнг қўлга олинди. Вилоят прокуратурасидан хабар беришларича, айбланувчи ўз қилмишига иқрор бўлган, бироқ судьяни ўлдириш ниятида бўлмаганини айтган. У собиқ турмуш ўртоғи билан судлашаётган бўлган.