Туркиядаги суриялик қочқинлар фарзандларининг 40 фоизга яқини иқтисодий муаммолар сабабли мактабга бормаяпти. Бу ҳақда Британиянинг Theirworld ташкилоти томондан тайёрланган маърузада айтилган. Маъруза Туркиянинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси кўмагида тайёрланган. 

Туркияда таълим олаётган суриялик болаларнинг 49 фоизини қизлар, 51 фоизини ўғил болалар ташкил қилади. Маъруза Туркиянинг Истанбул, Шонлиурфа, Хатай ва Анқара вилоятларидаги қочқинлар лагерларидаги вазиятнинг таҳлили натижалари асосида тайёрланган.

Ижтимоий сиёсат ва таълим соҳасидаги мутахассис Ипек Жўшкуннинг айтишича, бугунги кунда Туркияда 3 млн 298 минг суриялик қочқин яшамоқда. Улардан 833 минг 39 нафари 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлардир.

2016/17 ўқув йилига кўра, Туркия мактабларида 492 минг 544 суриялик бола таҳсил олмоқда. Улардан 35 фоизи давлат мактабларида, 65 фоизи эса вақтинчалик таълим марказларида ўқийдилар.