Украина 2018-2019 йилларда Европа иттифоқидан 1,8 млрд евро миқдорида ёрдамни жалб этиш ниятида. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Александр Данилюк душанба куни маълум қилди.

"Янги дастур Украинага тахминан 1,8 млрд евро миқдорида молиялаштириш ажратишни назарда тутади", - дея айтиб ўтган вазир "Украинские новости" ахборот агентлигига. Молия вазирлиги раҳбарининг хабар беришича, молиявий ҳамкорликнинг батафсил шартлари яқин вақт ичида муҳокама қилинади.

"Молия вазирлиги бу масала бўйича ишни ушбу ҳафтада бошлайди. Ҳар икки томон ҳам янги дастурнинг биринчи траншини олишни тезлаштириш ҳаракатида, шунинг учун унинг батафсил режасини ишлаб чиқиш бўйича кўплаб ишлар турибди", - дея қўшимча қилиб ўтди Данилюк. Амалдорнинг хабар беришича, молиялаштириш энг долзарб ислоҳотларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши лозим.