Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматларини инобатга олиб ҳамда у кишининг хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш мақсадида қабул қилинган.

Ташкилий қўмита икки ҳафта муддатда бу санани нишонлаш бўйича ишлаб чиқадиган тадбирлар режасида қуйидагилар назарда тутилган:

- 2018 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасини очиш;

- Қарши шаҳрида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ҳайкал ўрнатиш ва тантанали очилиш маросимини ўтказиш;

- «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

- «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (солнома)» китобини, «Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир», «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарлари, шунингдек, «Президентга мактублар» китобини нашр этиш;

- Самарқанд шаҳрида «Ислом Каримов — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси» мавзуида халқаро илмий конференция ўтказиш;

2018 йилнинг I чорагида «Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» танловини якунлаш ва унинг ғолибларини тақдирлаш;

- таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасига бағишланган учрашувлар ташкил этиш.

Шунингдек, қарор матнидан маълум бўлишича, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан «Ислом Каримов — мустақил Ўзбекистон асосчиси» китоб-альбоми нашрга тайёрланмоқда.