Афғонистон ўзига мажбурлаб киритилган “биродарлар уруши ва қон тўкилишидан” чарчади. Бу ҳақда Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай Sputnik’га берган интервьюсида маълум қилди

Сиёсатчининг сўзларига кўра, афғон инқирозидан чиқиш "урушни кескинлаштиришга эмас, балки Афғонистонда тинчлик, хавфсизлик ҳамда барқарорликни ўрнатишга ёрдам берувчи йўл", "миллий тотувлик йўли" бўлиши керак, сабаби халқ ўз давлатини тинч ва фаровон сифатида кўради.

Бироқ, собиқ президент фикрига кўра, “афғон жамиятида кескинликни оширишга” ҳаракат қилаётган кучлар бор. "Кимга бу керак? Ким бунинг ортида турибди?… Афғонистонликларнинг ўзими ёки Афғонистондан кетишни истамаётган хорижий кучларми? Мен шуни биламанки, бу афғонлар эмас. Мен афғон халқи тинчлик ва тотувликни хоҳлашини ҳам биламан", - дея маълум қилди Карзай.

Афғонистон собиқ президентининг таъкидлашича, Кобул Афғонистонда ҳарбий амалиётлар давом этишига қатъий қарши, сабаби бундай ҳаракатлар тинч аҳолига хавф солмоқда ҳамда янги қурбонларга олиб келади.

Карзайнинг қайд этишича, "хорижий кучларнинг борлиги хавфсизликни таъминловчи омил эмас". Собиқ президент сўзларига кўра, Кобул Афғонистонга америкаликлар ва уларнинг иттифоқчилари 2001 йилда келганида, тинч ҳаёт бошланишига ҳақиқатдан умид қилган. Бироқ қўшинларни киритиш салбий оқибатларга олиб келди. "Терроризм нафақат йўқ қилинмади, балки янада кенг кўламга эга бўлди, бу янги вайроналар ҳамда инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлди", - деган у.

Карзайнинг ишонч билдиришича, АҚШ Афғонистонга ўз қўшинларини бу давлат халқига ёрдам бериш учун эмас, балки "ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида" киритган. "Агарда АҚШ Афғонистондан ўзининг глобал мақсадларига эришиш мақсадида фойдаланмоқчи бўлса, унда бошқа воситаларни излаб кўрсин!" – дея таъкидлаб ўтди у.

Афғонистон собиқ раҳбари “Толибон” ва ИШИД ўртасидаги фарқни ҳам таъкидлаб ўтди. Сиёсатчининг маълум қилишича, ИШИД – халқаро террорчилик ташкилоти, “Толибон” эса – афғонлар. Унинг фикрига кўра, “Толибон” билан сулҳга эришиш йўлини топиш керак, ИШИДни эса афғонлар мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқариши лозим.

Сиёсатчининг интервьюда таъкидлашича, Россия Афғонистондаги тинч жараёнга кўмак кўрсатиши ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланишида муҳим омилга айланиши мумкин.

"Биз учун Россия билан муносабатлар ҳаётий муҳим аҳамиятга эга, ҳамда Афғонистонда ҳукумат қандай бўлмасин, у бу муносабатларни сақлаб қолиши, ривожлантириш ва мустаҳкамлаши керак", - дея таъкидлаб ўтди у.

Афғонистон собиқ раҳбари ҳарбий можарога ечим топиш йўллари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, мамлакат “минтақавий рақобат эмас, балки ҳамкорлик объекти” бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Республика ҳукумати шуни яхши тушунмоқдаки, сиёсий инқироздан чиқиш – афғон халқининг "ўз йўлидир".