2017 йил 8 ноябрь куни номаълум шахс Янгийўл шаҳри фуқароси ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида фуқаро М.Б.нинг хонадонига девордан ошиб ўтган. У уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уй ётоқхонасидан умумий нархи 8.000.000 сўм бўлган 5 дона аёллар тилла узуклари, 2 дона эркаклар тилла узуклари, 1 дона аёллар тилла занжири ва 390.000 сўм пулларини ўғирлаб олиб, жиноят содир этилган жойдан яширинган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ Тергов бошқармаси хабар қилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (уй-жойга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Янгийўл шаҳар ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноят Янгийўл туманида яшовчи вояга етмаган, туман “Автотранспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи” 1-босқич талабалари Х.И. ва У.Ф. лар томонидан содир этилганлиги аниқланиб, улар далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Аниқланишича, коллеж талабалари Х.И. ва У.Ф. 8 ноябрь куни 2-жуфтлик ўқув машғулотларидан сўнг 3-жуфтлик ўқув машғулотларига қатнашмасдан, коллеж орқа томонидаги девордан ошиб ўтган ҳолда коллеждан чиқиб кетиб, М.Б.нинг хонадонига келишган. Хонадон эшигини тақиллатганда, уйдан ҳеч ким чиқмагани учун ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, девордан ошиб ўтган ҳолда хонадонга киришган ва пул, тилла тақинчоқ ҳамда шу каби қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетишган.  

Ҳозирда вояга етмаган Х.И.нинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.