Япония ҳукумати ХХРнинг “Бир макон – бир йўл” ташаббусини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш режасини кўриб чиқмоқда, унинг доирасида асосий эътибор инфратузилмага йўналтириладиган инвестицияларга қаратилади. Бу ҳақда Yomiuri газетаси хабар қилмоқда.

Хусусан, гап япониялик ва хитойлик компанияларнинг Осиёнинг Европа ва Африка билан боғловчи асосий савдо йўналишлари ўтадиган мамлакатларида муқобил энергетикани ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик қилиши ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, улар Таиланд ва бошқа мамлакатлардаги қўшма корхоналарда ишлаб чиқаришни ошириш, эски темир йўл линияларни реконструкция қилиш ҳамда янгиларини қуриш билан шуғулланиши керак. Бу логистикани яхшилаш ва юклар ҳаракатини тезлаштириш учун лозим бўлади.

Япониянинг “Бир макон – бир йўл” ташаббусини ривожлантиришдаги иштироки концепцияси Япония бош вазири Синдзо Абэ ва ХХР раиси Си Цзиньпин томонидан жорий йилнинг июль ҳамда ноябрь ойларида Германия ва Вьетнамдаги саммитларда муҳокама қилинди. Япон томони Хитой билан иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ҳисобидан КХДР муаммосини ҳал қилиш йўлини топишга умид қилмоқда, сабаби Пекин Пхеньянга босим ўтказиш дастакларига эга, дея таъкидлайди нашр.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Хитой пойтахти Пекинда “Бир макон – бир йўл” стратегияси доирасидаги олий даражадаги форум бўлиб ўтди. Таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистон Хитой иқтисодий кооперацияси амалга оширилишидан максимум фойда олиши учун жиддий имкониятларга эга. Пекинда бўлиб ўтган олий даражадаги форумда Ўзбекистон Хитой ғоясини амалий рўёбга чиқаришга қаратилган бир қатор аниқ таклифларни илгари сурди. Шу жумладан, президент Шавкат Мирзиёев "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўли қурилишини тезроқ бошлаш аҳамиятига урғу берганди.