Дунёдаги энг оммавий ва қиммат турувчи криптовалюта бўлган биткоиннинг курси 28 ноябрдаги савдолар вақтида 10 минг доллардан ошди. 

Coinmarketcap.com маълумотларига кўра, 28 ноябрда биткоин нархи 10200 долларга етиб, янги тарихий рекордни қайд қилди. 

Умуман олганда, биткоин курси йил бошидан 10 мартадан кўпроққа қимматлаб, унинг капиталлашуви 167 млрд доллардан ошди. Криптовалюталар бозорининг умумий капиталлашуви эса 310 млрд доллардан кўпроққа етди. 

Бир қатор мутахассислар биткоин курси бундай чўққига эришишини кутгандилар, бироқ бу йил охирида юз беришини прогноз қилгандилар. Бироқ охирги кунларда биткоин курсининг жадал қимматлашиши бу даражага эришишни тезлаштириб юборди, ваҳоланки 24 ноябрда биткоин курси 8 минг доллар атрофида бўлган. 

“Блокчейн-технологиялар билан қизиқаётган ва биткоинга мустаҳкам актив сифатида ишонаётган сармоячилар сони ошмоқда – криптовалюталар бозорига борган сари кўпроқ маблағ киритилмоқда. Унга банк секторининг йирик ўйинчилари ҳам, автомобилсозлик компаниялари ҳам, Amazon каби йирик компаниялар ҳам кирмоқда. Биткоиннинг нархи ана шу сабабли ўсмоқда”, деб фикр билддирди Tokenbox таҳлилчиси Игорь Доганов.

Шу билан бирга, унинг айтишича, криптовалюталар бозорининг ўзгариши бир қатор ҳодисаларга боғлиқдир. Жумладан, биткоин бу криптовалютага фьючерслар жорий қилиниши кутилиши билан боғлиқ равишда қимматлашмоқда.