Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев ўз лавозимини тарк этади.

Kun.uz манбаси хабарига кўра, унинг ўрнини шу йил августидан буён Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Жамшид Абдуҳакимович Хўжаев эгаллайди.

Элёр Ғаниевнинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

1960 йилда Сирдарё вилоятида туғилган Элёр Ғаниев 1997-2002 йилларда Ташқи Иқтисодий алоқалар вазири, 2002-2005 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси (бош вазир ўринбосари), 2005-2006 йилларда Ташқи ишлар вазири (бош вазир ўринбосари), 2006-2010 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири бўлиб ишлаган. У 2010-2012 йилларда яна Ташқи ишлар вазири (Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари), 2012 йил январидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги раҳбари сифатида фаолият кўрсата бошлаганди.

Шу йилнинг апрелида Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилинганди.