Бугун, 28 ноябрь куни Тошкент шаҳрида  “Ўзбекистон маданий мероси” мультимедиа лойиҳаси доирасида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуидаги Халқаро медиа-форумига старт берилди. 

Тадбирнинг биринчи кунида дунё илм-фанининг етук намоёндалари, музей, кутубхона, илмий институт ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда маҳаллий олим ва экспертлар иштирок этишди. 

Шу ўринда, ўқувчиларда одатий бир савол туғилиши табиий: Бу лойиҳани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад нима? Унинг жаҳонга Ўзбекистон номини янада кўпроқ танитишдаги ўрни ва аҳамияти қандай? Келажакда мазкур лойиҳа остида яна қандай тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган? 

Кun.uz мухбири шу саволларга жавоб олиш мақсадида “Ўзбекистон маданий мероси” мультимедиа лойиҳасининг раҳбари ва муаллифи, ЭОАВМАбошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқовга юзланди.

“Бу ғоянинг муаллифи - вақт ва Ўзбекистон бошидан кечираётган ўзгаришлар ҳисобланади. Мазкур лойиҳа фуқаролик жамияти институтлари, давлат ташкилотлари, медиа соҳаси вакиллари ҳамда дунё ҳамжамияти экспертларининг саъй-ҳаракатлари бирлашувига  яққол мисол бўла олади. Бугунги кунда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар маданий меросимизни оммалаштириш, Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш нуқтаи назаридан жуда муҳимдир. Ушбу лойиҳа эса айнан мана шу мақсадлар йўлида хизмат қилади. Чунки, бу тадбирлар орқали дунё Ўзбекистонни янада яқинроқ била бошлайди. 

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – биз ўз мамлакатини ривожланган давлатлар даражасигача кўтаришга шижоат билан бел боғлаган Ўзбекистонлик ёшлар учун маънавий озуқа улашамиз. Бу эса биз учун жуда муҳим аҳамият касб этади”, дея қайд этди Фирдавс Абдухолиқов.

Лойиҳа муаллифининг сўзларига кўра, мамлакатимиз маданий меросини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишга қаратилган бу каби тадбирлар нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам ташкил этиб борилади. 

“Биз бу каби тақдимотларни хориж давлатларида ҳам ўтказишни режалаштирганмиз. Жорий йилда Ўзбекистоннинг Россиядаги маданият кунлари доирасида Москвада махсус тақдимот маросими ташкил этдик. Биз бу кўргазмага нафақат Россия жамоат вакиллари, балки Россияда фаолият олиб бораётган Ўзбекистонлик ёш олимларни ҳам таклиф қилдик. Бу каби тадбирларни келгуси йилда ҳам ўтказишни мақсад қилганмиз. 

Бугунги акция орқали 2500 мингдан ортиқ альбомларнинг жаҳон миллий кутубхоналарига тарқатилгани нафақат хорижий мамлакатларнинг фуқаролари, олимлари  ва тадқиқотчилари учун, балки айнан шу мамлакатларда яшайдиган юртдошларимиз учун ҳам жуда муҳимдир”, дея қўшимча қилди лойиҳа раҳбари.