Марказий банк Бошқаруви қарори (2017 йил 23 ноябрда 2536-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операциялари рўйхатига резидентлар томонидан чет элдаги ўз филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш киритилди.

Бундан ташқари, қуйидаги операциялар президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ёки халқаро шартнома мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши белгиланди:

•  10 минг АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлган суммада чет элда инвестиция фаолиятини амалга ошириш - резидентларнинг Ўзбекистон банкларидаги ҳисобварақларидан:
– чет элдаги корхоналарнинг устав капиталини шакллантириш (ёки улушли иштирок этиш),
– чет элдаги ўз филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш учун чет элга маблағлар ўтказиш;
•  мамлакат резидентлари томонидан норезидентларга кредитлар ва пул, товарлар кўринишидаги қарзлар ҳамда лизинг объектларини бериш;
•  резидентларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлардан маблағларни чет элдаги ҳисобварақларга (омонатларга) жойлаштириш ҳамда кўчмас мулкни сотиб олиш учун ўтказиш.

Маълумот учун. «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, резидентлар жумласига қуйидагилар киради:

•  Ўзбекистон фуқаролари;
•  мамлакатимизда доимий яшаш жойи бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
•  Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар;
•  давлатнинг иммунитет ва дипломатик имтиёзлардан фойдаланадиган хориждаги дипломатия ҳамда бошқа ваколатхоналари, шунингдек мамлакат ташкилотларининг чет элдаги, хўжалик ёки бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланмайдиган ваколатхоналари.

Ҳужжат 24.11.2017 йилдан кучга кирди.