Спиртли ичимликларга ружу қўйишнинг оқибати аянчли бўлиши табиий. Турли даражада тан жароҳати етказишдан тортиб бировнинг умрига зомин бўлишгача, аксарият жиноий қилмишлар айнан мастлик ҳолатларида содир этиляпти.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Турғунбойнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қўл телефонига кечки пайт ўртоғи Абдумажид қўнғироқ қилди. Улар Марғилон шаҳрининг “Деҳқон бозори” ёнида кўришишди. Маслаҳатлашиб, Фарғона шаҳридаги “Гранд” қаҳвахонасига йўл олишди. Турғунбой таниш қиз билан телефонда гаплашди. Сожидахон ва дугонаси Мастурахон қаҳвахонага кириб келишди. Турғунбой телефонда ўртоқлари Сайфулло ва Исомиддинни ҳам чақириб олди. “Коньяк” ичиб, чақчақлашиб ўтиришди. Машинасини миниб келган Исомиддин ичмади.

-  Бу қизлар ким, - деб сўради.

-  Танишларим, мен таклиф қилдим, - деди Турғунбой.

Абдумажид мусиқа буюриб, қизларни рақсга тортди. Турғунбой ҳам ўйинга қўшилди. Четроқдаги столда ўтирган уч оғайнилардан бири орага суқилди. Афтидан кайфи тароқ йигит қизлардан бирига гап отди. Қизлар Турғунбой билан ҳовлига чиқишди. “Ҳаддингиздан ошманг ака”, Абдумажид нотаниш йигитга ҳезланди. Сайфулло унинг енгидан тортиб ўтқазиб қўйди. “Бизни шаҳарда яйрайлик, дебсизларда”, дея нотаниш йигит жойига қайтди. Исомиддиннинг кўнгли ғаш тортиб, шартта ўрнидан турди.

-  Бўлди, зарур ишим бор, машинани юрғизиб тураман, - дея ташқарига юрди.

Ортидан Турғунбой чиқиб, “Матиз”нинг олд ўриндиғига ўтирди.

-  Битта гапдан қолса, асакаси кетармиди, - деди машинасини ўт олдирган Исомиддин. – Сан-манга бориб...

-  Тўғри қилди, даврамизга суқилган сурбетни силтаб ташлади, - Турғунбойнинг ҳам кайфи тароқ эди.

Бирданига жанжал-тўполон кўтарилди. “Уришишяпти-ю”, дея Турғунбой ичкарига чопди. Исомиддин ортидан югуриб борди. Қаҳвахона ҳовлисида Абдумажиднинг бўйнидан қон оқаётганди. Уни “Матиз”га ўтқазишди. Исомиддин Абдумажидни шифохонага элтиб қўйди. “Яқинларига хабар беринг”, дейишди унга. Исомиддин уйини топа олмай, шифохонага қайтиб келди. “Ишқилиб, омон қолсин-да”, дея юрагини ҳовучлади.

***

Фарҳоджон уйланаётган эди. Раимжон, Аҳлиддин ва Топиволди унинг хонадонида, тўйда битта шишани бўшатишди.

-  Юринглар, мен эрийман, - деди Раимжон.

Тўйхонадан чиқиб, дўкондан пиво олиб ичишди. Буям камлик қилди. Кечқурун соат тўққизларда шу яқиндаги “Гранд” қаҳвахонасига кириб боришди. Раимжон официант қизга буюртма берди. Тағин “юзта-юзта”дан ароқ ичиб ўтиришди.

Кайфи ошиб қолган Раимжон тўрт нафар йигитлар даврасида ўтирган қизларга суқланиб қаради. 

-  Қизил жемперлиги хушрўйгина экан. 

-  Бировнинг хасми, кўз олайтирма, - деди рулда бўлгани учун фақат пиво ичган, эс-ҳуши жойида Аҳлиддин.

-  Эркин қушга ўхшайди, йўқса, кечаси юрармиди?

-  Опа-сингилларидир, ўзингча фол очма.

-  Ана, айтмадимми, ўйинга тушишларини кўр, - Раимжон ўртага чиқиб сурбетларча нотанишларнинг даврасига қўшилди.

Йигитлардан бири билан гап талашиб қолди. Мусиқа тингач, жойига қайтиб ўтирди. Нариги даврада ўтирган йигит-қизлар бирин-кетин ташқарига чиқиб кетишаётганди. “Кетаяпсанларми, дамингни ол”, дея Раимжон ҳақоратомуз гап отди. “Муомалангни тўғри қил”, деган йигитларнинг ортидан чиқиб, тасир-тусур муштлаб йиқитди. Абдумажид ўзини ўнглаб, қўлига тушган бўш шиша билан муштумзўрнинг бошига урди. Боши қонаган Раимжон кабоб қўраси устидаги пичоқ билан унга ташланди, бўйнини тилиб юборди. Бўйнини чангаллаган Абдумажидни машинага ўтқазишди. Унинг шерикларидан бири Сайфулло пичоқни ташла, деди. Раимжон “яқинлашма, сениям тилиб ташлайман”, дея унга ҳам тиғ ўқталди. Сайфулло қўранинг ёнидаги кўсов билан қўлига урди. Пичоқ ерга тушди. Муштлашиш бошланганида қочган, сўнгра ортларига қайтган ҳамтовоқлари Раимжонни Аҳлиддиннинг машинасига миндириб кетишди. Шифохонада унинг бошини боғлаб қўйишди. Шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб боришни тайинлашди. Бироқ, учовлон суриштирув бўлишини тусмоллаб, уй-уйларига тарқалишди. Бировнинг жонига қасд қилган Раимжон Аҳмадалиевни ИИБ ходимлари уйидан олиб кетишди.

Шошилинч тез-тиббий ёрдам марказининг шифокорлари оғир тан жароҳати етказилган Абдумажид Илёсовнинг ҳаётини асраб қолишди. Суд мажлисида Р.Аҳмадалиев қилмишига қисман иқрор бўлди. Унинг айби жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, далиллар билан тасдиқланди. Р.Аҳмадалиевга беш йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. 

Тўйда бошланган ичкиликбозлик оқибатида бир ёш йигитнинг умри хазон бўлишига бир бахя қолди. Аввало ёшларни ичкиликка берилишдан асраш, тўй-маросимларни спиртли ичимликсиз ўтказиш урфга айланса, айни муддао бўлади.