"ASIA STAR" Ўзбек-Хитой савдо уйи ёрдами билан яна бир катта лойиҳа амалга оширилди. 2017 йилнинг 25 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой тумани, «Тазажол» ОФЙ ҳудудида «ВIО LIQUORICE EXTRACT» масъулияти чекланган жамияти кўринишидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Очилиш маросимида Чимбой тумани ҳокими Осербай Казакбаев ва Ўзбекистондаги бир нечта корхоналар таъсисчиси Шерзод Акбаров иштирок этди.  

Бу корхона Хитой Халқ Республикасидаги тадбиркорлар томонидан 1 миллион 500 минг АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилиб, қурилиш ишлари 2017 йилнинг апрель ойида бошланган эди. Қурилиш ва ишлаб чиқариш линияларини ўрнатиш ишлари бугунги кунда тўлиқ якунланиб, корхона фойдаланиш учун топширилди. 

Ушбу корхонада бир ойда ўртача 500 тонна қизилмия илдизини қайта ишлаб, фойдали хомашё ва маҳсулот кўринишига келтириш йўлга қўйилди. Корхона ишлаб чиқарилган маҳсулотни Хитой, Ҳиндистон ва бошқа чет эл давлатларига сотиб, юртимиз иқтисодиёти учун зарур бўлган валюта оқимининг ортиши учун ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бундан ташқари, корхона фаолияти қўшимча 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига сабабчи бўлди.