Туркиянинг Халқ республика партияси етакчиси Камол Қиличдарўғлу Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг қариндошлари 2011-2012 йилларда Мэн оролидаги офшор компанияга миллионлаб долларлар ўтказишганини исботловчи ҳужжатларга эгалигини маълум қилди.    

Эрдўған бошчилик қилувчи Адолат ва тараққиёт партияси Туркия бош вазири Бинали Йилдирим ўғилларининг офшор компанияларга алоқадорлиги ҳақидаги мақоланинг  парламентда тафтиш қилинишига йўл қўймаган. Қиличдарўғлу бу қарорни танқид қилган ва Эрдўғанни ўзининг маблағлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишга чақирган. Унинг айтишича, Туркия президентининг фарзандлари, қариндошлари ва сафдошлари офшор компанияга бир неча миллион доллар киритишган.     

Эрдўған бунга жавобан агар Қиличдарўғлу айтаётганларини исботлай олса, ифтеъфога кетишини айтган. 

“Мен Эрдўғандан сўрадим: “Сенинг фарзандларинг, уканг ва бошқа қариндошларинг кичкинагина Мэн оролидаги, устав капитали бир фунт стерлинг бўлган Belvey компаниясига миллионлаб долларлар ўтказишаётганини биласанми?” У менга “Исботла!” деди. Бизда бу компаниянинг барча молиявий ҳужжатлари бор”, деб айтган Қиличдарўғлу парламентда ўз партияси депутатлари олдидаги чиқиши вақтида.

У компания ҳисоб рақамига Эрдўғаннинг укаси Мустафо ва ўғли Аҳмад Бурак томондан 2011-2012 йилларда амалга оширилган транзакцияларни айтиб ўтган. Мухолифатчининг айтишича, банклардан олинган бу ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига шубҳа йўқ.