Ноябрь бошида коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган, Саудия Арабистони миллий гвардиясининг собиқ вазири, шаҳзода Мутайиб бин Абдуллоҳ бин Абдулазиз Ол Сауд озод этилди. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Al Araby Al Jadeed нашри маълум қилди. 

Нашр маълумотларига кўра, шаҳзода Мутайиб 28 ноябрда 3 ҳафта давомида молиявий фирибгарликлар ва хизмат лавозими билан боғлиқ жиноятларни содир этишда айбланган ўнлаб вазирлар ва қироллик уйи аъзолари билан ҳибсда ушлаб турилган, Ар-Риёддаги Ritz Carlton меҳмонхонасини тарк этди. 

Бироқ бу хусусда Саудия Арабистони ҳукуматининг расмий баёноти берилмаган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, 65 ёшли шаҳзодадан давлат маблағларини харжлаб юбориш, ишга жойлашда фирибгарлик қўллаш ва ўз компанияларига шартномаларни ажратиш бўйича қўйилган айбловлар соқит қилинган. 

Нашр Мутайиб Саудия Арабистони раҳбарияти томондан таклиф қилинган келишувга рози бўлган-бўлмаганини маълум қилмаган. Аввалроқ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон The New York Times нашрига берган интервьюсида 200 нафар айбланувчидан 95 фоизи келишувга рози бўлиб, ўз активларини давлатга топширишганини маълум қилган. 

Шаҳзода Мутайиб қироллик асосчиси Абдулазиз ибн Абдураҳмон Ол Сауднинг набираси, аввалги қирол Абдуллоҳ бин Абдулазиз Ол Сауднинг учинчи ўғли ҳисобланади. 1952 йилда таваллуд топган. Ҳибсга олинишидан аввал миллий гвардия вазири бўлган. Париждаги қимматбаҳо Crillon меҳмонхонаси эгаси ҳисобланади.