2018 йилги Осиё чемпионлар лигаси саралаш плей-оффида Ўзбекистоннинг икки жамоаси иштирок этади. Бу ҳақда Алишер Никимбаев ўзининг твиттердаги саҳифасида ёзиб қолдирган.

«Осиё чемпионлар лигасида вазият қуйидагича: икки клубимиз мусобақани саралаш плей-оффидан бошлайди. Иккинчи бўлиб чиққан жамоа ўз уйида Иорданиянинг «Ал-Файсалий»ни қабул қилса, учинчи жамоа Қатарда «Ал-Ғарафа»га қарши ўйнайди», - деб ёзган Никимбаев.

Демак вазиятга кўра, Ўзбекистон кубоги финалида «Бунёдкор» ғалаба қозонадиган бўлса «Ал-Файсалий»ни ўз уйида қабул қилади. «Насаф» эса Қатарга сафар уюштиради. Агар кубок финалида «Локомотив» ғолиб чиқса, унда «Насаф» иккинчи жамоа сифатида ўз уйида «Ал-Файсалий»ни қабул қилади. «Пахтакор» эса учинчи жамоа сифатида «Ал-Ғарафа» меҳмони бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони сифатида Тошкентнинг «Локомотив» Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олган.