Фавқулодда вазиятлар вазирлиги подполковниги Зулфиқор Қиличев 28 ноябрь куни "Ўзтрансгаз"нинг "Турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш" мавзуидаги семинарида республикамиз ҳудудида газдан заҳарланиш ҳолатларига доир маълумотларни тақдим этди. Унга кўра, ис газидан энг кўп заҳарланиш ҳолатлари Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Наманган  вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келмоқда.

Энг кўп фавқулодда вазият Андижон вилоятида (4 та) қайд этилган бўлса, энг кўп ўлим ҳолати (16 киши) Қашқадарё вилоятида содир бўлган. Жумладан, ФВВ вакили ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ алоҳида ҳолатларга тўхталиб ўтди.

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида яшовчи фуқаролар томонидан мурикон ва дудбурондан хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя қилмаганлиги натижасида 7 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган. 

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи фуқаролар томонидан мурикон ва дудбурондан хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя қилмаганлиги натижасида  4 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаролар томонидан газ жиҳозларидан нотўғри, яъни техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани натижасида 2 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган. 

Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Қуёшча” МФЙ гузарини қуришда иштирок этаётган 3 нафар Қорақалпоғистон Республикаси фуқароси очиқ оловдан хонани иситиш мақсадида фойдаланганлиги оқибатида ис газидан заҳарланиб вафот этган. 

Республика миқёсида мазкур фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва профилактикасини кучайтириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2017 йил 24 октябрь куни №01-05/1-1480-сон билан “Аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Мазкур дастур ижросини таъминлаш юзасидан бугунги кунга қадар жойларда идоралараро ишчи гуруҳлар томонидан 5372 рейд ўтказилди.  Шулардан: бозорларда - 196 маротаба, қозонхоналар, ғишт заводлари, новвойхоналар ва бошқа корхона ташкилотларда - 2120 маротаба, даволаш ва ўқув муассасаларида эса - 2622 марта. 

Текширувлар натижаларига кўра, 163 та ҳолатда 3 177 378 сўмлик маъмурий жарималар солинган. 24 та объектнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган, 102 та ностандарт ва “қўлбола” иситиш мосламаси сотувдан чиқарилган, 4 та объект фаолияти батамом тўхтатилган, вилоят (шаҳар, туман) ҳокимликларига 44 та тақдимнома киритилган.

Куз-қиш мавсумида иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш қоидаларини тарғиб этувчи видеороликлар маҳаллий ва марказий телерадиокомпаниялар орқали 181 маротаба эфирга узатилди, матбуотда 150 та мақола чоп этилиб, 80 378 дан зиёд эслатма тайёрланди ва тарқатилди, радиоэфирга 1 873 маротаба шу мавзудаги радиоэштириш узатилди. Аҳолига мавзуга оид эслатма ва буклетлар тарқатилди.