Осиё тараққиёт банки директорлар кенгаши Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида бирламчи тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш учун 45 миллион доллар миқдорида заём ажратилишини тасдиқлади, деб хабар бермоқда ОТБ матбуот хизмати.

Хабарда таъкидланишича, мамлакатда эрта ўлимни камайтириш ва юқумсиз касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш қамровини кенгайтириш керак.

Бирламчи тиббий-санитар ёрдамни яхшилаш лойиҳаси ОТБнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги 2004 йилдан буён биринчи лойиҳаси бўлиб, қишлоқ врачлик пунктлари асосида ташкил этилаётган 793 та янги оилавий поликлиникани замонавий тиббий ускуналар билан таъминлашни назарда тутади.

Ўзбекистон янги жиҳозлар билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий қийинчиликларни енгиши, хусусан, юрак хасталиги даражасини пасайтириши, туғуруқдан кейинги парваришни яхшилаши ва сурункали касалликларнинг олдини олиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида тиббиёт ходимларининг янги поликлиникаларда малакасини ошириш ва 3000 дан ортиқ тиббиёт техникаси операторлари, шифокор ва ҳамширалар учун тренинглар ўтказиш режалаштирилган.