Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни «Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолади.

Ҳужжатда пахтачилик тармоғидаги ишларнинг ҳақиқий аҳволи ишлаб чиқариш жараёнларини тезкор янгилаш ва модернизация қилиш, илғор технологиялар ва корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш, умуман тармоқнинг жадал ривожланишига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат бериши қайд этиб ўтилган. 

Қарорга мувофиқ «Ўзпахтасаноат» ва «Ўзпахтаэкспорт» акциядорлик жамиятларини бирлаштириш, шунингдек, «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компаниясини тугатиш асосида пахтачилик тармоғи учун масъул бўлган ягона ташкилот – «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ташкил этилди. Ёғ-мой тармоғини ривожлантиришнинг мақбул йўлларини белгилаб олиш мақсадида «Ўзпахтаёғ» акциядорлик жамияти ушбу тизимдан ажратиб чиқарилди. 

Янги ташкил қилинган «Ўзпахтасаноат» АЖга қайта ташкил этилган компанияларнинг мол-мулклари, уларнинг давлат улушлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан бирга ўтказилди. «Ўзпахтасаноат» АЖ таркибига кирувчи корхоналарнинг миқдори ва штатлар сони оптималлаштирилди, шу билан бирга мавжуд ресурслардан янада оқилона фойдаланиш бўйича қўшимча таклифлар тайёрланади. 

Қарор билан пахтачилик тармоғида ишлаб чиқариш жараёнларини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. 

Хусусан, пахта хом ашёсини қабул қилиш, тўлдириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг техник воситалари ва услублари яхшиланади. Пахта тозалаш корхоналари замонавий ўлчов воситалари, лаборатория ускуналари, пахта хом ашёсини қабул қилишда инсон омилининг ролини пасайтирадиган энг янги ахборот технологиялари билан жиҳозланади. 

Масалан, пахта толасини пахта тозалаш корхонасидан терминалга жўнатишда уни ажратиш тизимининг мавжуд эмаслиги сифат жиҳатдан турли хил маҳсулотларнинг етказиб берилишига сабаб бўлади, бу эса истеъмолчиларнинг эътирозларини келтириб чиқаради. Шу муносабат билан, сифатни баҳолашнинг инструментал тизимларидаги синов натижалари асосида пахта толаси тойининг сифат кўрсаткичлари бўйича пахта толасини кетма-кетликда рақамлаш ва ажратиш тизими жорий этилади. Шу билан маҳсулотни ҳисобга олишнинг халқаро услублари амалга киритилади, пахта сифатини аниқлашга нисбатан субъектив, асоссиз ёндашув истисно қилинади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Сифат» пахта толасини сертификатлаш марказининг «Ўзстандарт» агентлиги тузилмасига ўтказилганлиги бошқа муҳим ўзгаришлардан бўлди. Ҳозирги кунга қадар 1,2 минг нафардан ортиқ ходими бўлган «Сифат» маркази ва 1,5 минг нафар ходимга эга «Ўзстандарт» агентлиги ўзаро ўхшаш фаолиятни ташкилий бўйсунувсиз, мустақил равишда амалга ошириб келган. Стандартлаштириш соҳасида такрорийликнинг бартараф этилиши пахта толаси, пахта линти ва техник чигит каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш нормативлари ва талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлайди. 

Пахтачилик тармоғида молия интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармасига пахта тозалаш корхоналарида ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг ҳаққонийлиги устидан назоратни амалга ошириш вазифаси юклатилди. 

Бундан ташқари, Давлат раҳбари қарори билан республика пахтачилик тармоғининг барқарор ривожланишини таъминлаш имконини берадиган бошқа ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш назарда тутилди. 

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори пахтачилик тармоғида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни ҳал қилиш имконини беради, ушбу соҳадаги корхоналарни бошқариш тизимининг самарадорлигини тубдан оширади.