Бугун, 28 ноябрь куни Тошкентда «Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори» мавзуидаги Халқаро медиа-форум ўз ишини бошлади.

Кun.uz мухбирининг хабар беришича, медиа-форумда «Катта Лангар Қуръони», «Девони Ҳусайни», «Поклик боғи», «Темур тузуклари», «Меърожнома» номли қўлёзмаларининг нусхалари Ўзбекистон ҳукуматига тантанали равишда топширилди.

Россия Федерацияси Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Франция Миллий кутубхонасида сақланаётган ушбу дурдоналарнинг факсимил нусхалари Европанинг машҳур босмахоналаридан бирида юқори технологиялар бўйича тайёрланган. Улар  максимал даражада асл нусхасига яқин, табиий олтин қопламали қоғозда ишланган.

«Катта Лангар Қуръони» қўлёзмаси Қуръони Каримнинг бизгача етиб келган энг қадимий ва бебаҳо нусхаларидан бири ҳисобланади. Қўлёзма VIII аср охирларида пергаментга куфий-ҳижозий хатида битилган. Нева дарёсининг соҳилида, Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида ана шу муқаддас китобнинг бизга етиб келган энг катта қисми – 81 саҳифаси сақланади.

Бутун дунёга машҳур Усмон мусҳафининг нодир нусхаларидан бири саналган бу қўлёзма РАФ Шарқ қўлёзмалари институтига Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани Катта Лангар қишлоғидан бориб қолган. Бу китобнинг яна 16 саҳифаси Ўзбекистонда – Катта Лангар қишлоғида, Тошкент ва Бухорода сақланади.