Сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрини йирик қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, қурилиш майдонларига олиб кирилаётган қурилиш материаллари ва ундан олиб чиқилаётган қурилиш чиқиндилари шаҳар экологиясига салбий таъсир кўрсатмасликни назорат қилишни, аҳоли орасида бу борада тушунтириш ишларини олби боришни талаб қилади. 

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтнинг қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларида транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш, қурилиш маданиятига риоя қилиш ва шаҳар кўчаларини ифлослантирилишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ОАВ вакиллари учун брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар қилмоқда. 

Шаҳар ҳокимияти хотин-қизлар бошқармаси раҳбари Ф.Абдураҳимованинг маълум қилишича, қурилиш ишлари олиб борилиши оқибатида экология ва атроф-муҳитга зиён етказишнинг олдинии олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 11 октябрдаги 158-Ф сонли фармойиши қабул қилинган. 

Фармойишда қурилиш объектларини режалаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга тушириш вақтида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этишлари, жамиятнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатларини таъминлаш, қурилиш маданиятига риоя қилинишини ҳамда шаҳар кўчаларини ифлослантирилишининг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриш ва назоратни кучайтириш каби масалаларга эътибор қаратилган. 

Абдураҳимованинг айтишича, ҳужжатда фармойиш ижроси юзасидан мунтазам ммониторинг олиб бориш ва амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар 10 кунда Тошкент шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари мажмуасига маълумот тақдим этиб бориш таъкидланган. 

Бундан ташқари, мазкур фармойиш ижроси бўйича ШИИББ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар иштирокида назорат ишлари олиб борилади.