27 ноябрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида кенг қамровли «Тозалаш-Антитеррор» комплекс умумпрофилактик ва тезкор тадбирлари ўтказилиши муносабати навбатдан ташқари брифинг ўтказилди. Пойтахт ҳудудида жиноятларни барвақт аниқлаш ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш мақсадида жорий йилнинг 20 ноябрь кунидан 26 декабрь кунига қадар ўтказилади. 

Тошкент шаҳар ИИББ расмий вакили Дониёр Тошхўжаевнинг алоҳида уқдиришича, ушбу тадбирлар яқинлашиб келаётган байрамлар аввалида шаҳар меҳмонлари ва фуқароларининг хавфсизлиги ҳамда тинчлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тошхўжаевнинг маълум қилишича, “Паспорт-виза”, “Қидирув”, “Орият”, “Арсенал”, “Ҳамкор”, “Назорат”, “Давомат” ва “Бумеранг” каби тадбирлар режа асосида амалга оширилмоқда. Белгиланган вазифаларни самарали ўтказиш мақсадида 1.500 дан ортиқ йўналишлар ташкил этилган.

Тошкент шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйларда жойлашган хонадонлар, якка тартибдаги хусусий уй-жойлар, корхона, ташкилот ва муассасалар, меҳмонхоналар ва ётоқхоналар, чордоқ ва ертўлалар, кафе-бар ва ресторанлар ҳамда бошқа объектлар текширилди. 

Бундан ташқари шаҳар ҳудудида диний муҳитни соғломлаштириш турли-хил ёт ғояларни фуқароларимиз орасида тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида диний идора вакиллари билан ҳамкорликда олий ўқув юртларида 15 та учрашувлар ташкил этилди. 

Шунингдек “Қидирув” тезкор тадбири ўтказилиб, унда оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб, қонун ва фуқаролар олдида жавоб беришдан яшириниб юрган фуқароларни аниқлаш мақсадида қидирув ишлари олиб борилмоқда. Натижада: 

-132 та жиноятлар қайд этилиб, шундан 117 таси фош этилди; 
-13 та гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар аниқланиб, 2024,66 грамм гиёҳвандлик моддалари далилий ашё сифатида олинди; 
-32 нафар қидирувдаги жиноятчилар аниқланиб ушланди, 
-5 нафар бедарак йўқолганлар аниқланди.