Туркияда ишлаб чиқариладиган 5 авлоддаги TF-X қирувчи самолётининг илк парвози 2023 йилга белгиланди, деб маълум қилди Туркия мудофаа вазири Нуритдин Жаникли.

“Лойиҳа максимал қисқа муддатларда амалга оширилади. Ҳеч қандай узилишлар бўлмайди. Асосий мақсад – Турк Республикасининг 2023 йилда нишонланадиган 100 йиллигига илк парвозни амалга ошириш”, деб айтган Жаникли.

Британиянинг BAE Systems мудофаа компанияси ва Туркиянинг Turkish Aerospace Industries (TAI) аэрокоинот компанияси январда янги авлоддаги қирувчи самолётни яратиш ҳақидаги битимни тузгандилар.

Буюк Британия бош вазири идораси вакилининг маълум қилишича, лойиҳа бўйича ҳамкорликнинг дастлабки босқичи 100 млн фунт стерлинг миқдордаги сармояни кўзда тутади. Бироқ 20 йил давом этиши мумкин бўлган кейинги босқичлар эса бир неча млрд долларлаб сармояларни талаб қилади.