Россиянинг Калининградида яшовчи 27 ёшли эркак ёниб кетган BMW автомобилининг кузови ўғирлаб кетилгани юзасидан полицияга мурожаат қилди. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар бермоқда. Жабрланувчининг айтишича, бу воқеа ўт ўчирувчилар  унинг ёниб кетган машинасини ўчиришгандан 20 дақиқа ўтиб содир бўлган. 

Полиция ёниб кул бўлган машина ўғрисини қайноқ излар бўйича топди. Аниқланишича, 37 ёшли рецидивист кўчада ҳали туташда давом этаётган машинага кўзи тушиб, темир-терсак қабул қилиш пунктига уни топшириш таклифи билан мурожаат қилган. 

У машинанинг эгаси эканлигини, машина ҳужжатлари ёнғин вақтида ёниб кетганини айтган.

Темир-терсак қабул қилиш пункти ходимлари ёнғин жойига тезда етиб келишиб, эркакка 30 минг рубль тўлаб, кузовни олиб кетишган.

Таъкидланишича, гумонланувчига нисбатан “Ўғрилик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. У “уддабуронлиги” учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.