Тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов Ўзбекистондаги ўзгаришларни ҳис этиб, 10 қаватли офис биносини қуриш ҳамда халқаро савдога мўлжалланган консалтинг компанияси очишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, Қозоғистон Халқ банки раҳбари Умут Шаяхметова Ўзбекистонда филиал очиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда Reuters.

Уларнинг режалари кўплаб мамлакатлар учун оддий нарса бўлиб кўринса-да, эътиборга лойиқ, сабаби Ўзбекистон, Шаяхметованинг сўзларига кўра, “нолдан бошламоқда”.

Сўнгги вақтларда хорижий инвесторлар Тошкентга йўл қуришни бошлашди, сабаби уларни ушбу давлатнинг нефтгаз ресурслари, пахта майдонлари, шунингдек, машинасозлик, озиқ-овқат маҳсулотлари, ускуналар ва кимёвий воситаларни ишлаб чиқариш бўйича турли соҳалари ўзига жалб этмоқда.

Шу билан бирга, уларда хавотир учун сабаб ҳам бор: асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган шахслар жорий йилда Нью-Йорк, Истанбул, Стокҳольм ва Санкт-Петербургда қатор ҳужумларни амалга оширди, натижада камида 65 киши ҳалок бўлди.

Ўзбекистоннинг янги президенти, собиқ бош вазир Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича ҳаракатларни бошлади. 

Ўзбекистон августда 2019 йилдан бошлаб чиқиш визалари тизимини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Тошкент бир ой ўтиб пахта йиғим-теримига жалб этилган ўқитувчилар, талабалар ва тиббиёт ходимларини уйга қайтариш ҳақида топшириқ берди, ҳамда капитал ҳаракати устидан назорат қилиш бўйича кўплаб чораларни бекор қилди, улар давлат захиралари ҳажмини оширган, бироқ савдо ва инвестицияларга тўсиқ бўлган.

АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Сингапурда яшаган ва кўчмас мулк, савдо, молия ҳамда бошқа соҳалардаги компанияларни бошқарувчи 36 ёшли Абдураҳмонов учун валюта ислоҳоти маблағларни ёпиқ тизимдан қидириш эмас, балки бор эътиборини пул топишга қаратиш имкониятини англатади. 

“Ўйлашимча, муҳит ўзгараётгани ҳавода сезилиб турибди”, - дея айтиб ўтган у интервьюда.

“Одамлар янги компаниялар очишни режалаштирмоқда, бизда кўплаб стартаплар пайдо бўлаётганини кўриш мумкин”.

Қозоғистон Халқ банки раҳбари Шаяхметованинг сўзларига кўра эса, 26 млрд долларлик ҳажмдаги активларга ва Россия, Грузия ҳамда Қирғизистонда филиалларга эга банк бир ярим йилдан сўнг Тошкентда ҳам ўз бўлимини очиши мумкин.

“Биз бозорни ўрганиш, тегишли идоралар билан мулоқот қилиш ҳамда улар нима қилишни исташаётганини тушуниш босқичидамиз”, - дея айтиб ўтди банк раҳбари.