Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 23 ноябрь куни Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги концепцияни тасдиқлади.

Хавфсиз туризмни таъминлаш учун Ички ишлар органлари фаолияти мувофиқлаштирилади. 

Ички Ишлар вазирлигининг Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ички ишлар бошқармалари тузилмаларида бошлиқлари бир вақтнинг ўзида вилоят ИИБ бошлиқлари ўринбосарлари ҳисобланадиган хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилади. Қарорга мувофиқ, Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ички ишлар бошқармалари тузилмаларида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилади. Бошқармаларнинг шахсий таркиби лавозимлари танлов асосида юқори малакали, биринчи навбатда, хорижий тилларни биладиган мутахассислар билан таъминланади. Бошқармалар ходимлари учун уларнинг лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади.

Бошқармаларнинг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:
бевосита сайёҳлик намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш борасида ички ишлар органлари фаолиятини ташкил қилиш;
хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини ахборот-техник қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида мувофиқлаштирилган ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қатъий назорат қилиш;
сайёҳлик намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида юзага келадиган тезкор ва жиноий ҳолатларни тизимли таҳлил қилиш, сайёҳларга нисбатан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасида манзилли чора-тадбирлар кўриш.

Бошқармаларнинг бевосита жойларда хавфсиз туризмни таъминлаш вазифаларини бажарадиган ходимлари «Электрон таржимон» дастурий таъминоти ва электрон ахборот тизимлари маълумотлар базасидан фойдаланиш имконини берадиган шахсий планшет компьютерлари билан таъминланади.