Индонезия ҳукумати Бали оролидаги Агунг вулқони отилишидан кейин ҳавога кўтарилган вулқон кули сабабли Нгурах-Рай халқаро аэропортининг яна бир кунга ёпилишига кўрсатма берди.    

26 ноябрда вулқоннинг ҳафта ичидаги иккинчи отилиши юз берди, ундан чиққан кул устуни бир неча километрга чўзилган. Шу сабабли мамлакат ҳукумати ҳаво транспорти учун хавфлиликнинг қизил даражасини киритган ҳамда Бали ва Ломбокдаги аэропортларни ёпишга мажбур бўлган. 27 ноябрда Ломбокдаги аэропорт яна ишлай бошлаган, бироқ Балидаги аэропортни 29 ноябргача ёпиб туришга қарор қилинган.

Аэропорт 29 ноябрь маҳаллий вақт билан соат 7 гача ёпиқ бўлади. Таъкидланишича, аэропортдаги барча рейслар бекор қилинади.

Агунг 21 ноябрда отилишни бошлаганди. Вулқондан чиққан тутун кратердан 700 метр баландроққа кўтарилган. Якшанба куни иккинчи отилиш бошланган, вулқон лава отмаган, бироқ тутун устуни 4 минг метргача етган.

Индонезия ҳукумати вулқон атрофидаги 40 мингга яқин одамни эвакуация қилган ва 100 минг кишига ўз уйларини тарк этишга кўрсатма берган.