Жанубий Корея Шимолий Кореядаги ракета базаси ҳудудида радиосигналлар фаоллашгани сабабли баллистик ракеталар ортидан кузатувчи радарини фаоллаштирди. Бу ҳақда 28 ноябрда “Киодо” ахборот агентлиги хабар берди. 

Аввалроқ Япония ва АҚШ ҳарбийлари Шимолий Корея томондан радиосигналлар фаоллашганини қайд қилишгани ва бу янги ракетанинг учирилишига тайёргарлик сифатида баҳоланиши мумкинлиги маълум қилинганди. Жумладан, бу ракета ерга сигнал узатишда фойдаланадиган тизим ишини текшириш бўлиши мумкинлиги айтилган. 

Ахборот агентлигига ҳукуматдаги манбанинг маълум қилишича, “ракета кейинги бир неча кун ичида учирилиши мумкин”. Бироқ шу билан бирга радиосигналлар қишда ўтказиладиган анъанавий ҳарбий машғулотларга тайёргарлик бўлиши ҳам мумкин.  

Шимолий Корея апрелдан бошлаб ойига 2-3 тадан ракета учириб келаётганди. Бироқ Пхеньян 15 сентябрда Япония устидан учиб ўтган баллистик ракетани учиргандан кейин сукунат сақламоқда.