Россияда ўтадиган 2018 йилги жаҳон чемпионати вақтида ҳакам тарихда биринчи бор агар таҳқирлаш аломатларини сезса, ўйинни тўхтатиш ҳуқуқини олади. Бу ҳақда ФИФА президенти Жанни Инфантино маълум қилди. 

“Албатта, биз ФИФАнинг 2018 йилги жаҳон чемпионати Fair Play руҳида, ҳалол ўйиннинг барча тамойилларига риоя қилинган ҳолда ўтишини истаймиз. Бу футбол майдонидаги ҳаракатларга таалуқлидир, бироқ биз ҳалол ўйин деганимизда, таҳқирлаш ва допингга қарши тадбирларни ҳам эслатиб ўтишимиз керак”, деб айтган Инфантино.

“Допингга келсак, барча жамоаларнинг ҳамма ўйинчилари мусобақа вақтида ҳам, мусобақадан ташқари вақтда ҳам ВАДА томондан аккредитация қилинган лабораториялар иштирокида тегишли намуналарни топширишади. Биз буни ҳамма билади, деб ишонамиз ва бу борада ҳалол ўйин тамойилларига, шубҳасиз, риоя қилинади”, деб таъкидлаб ўтди ФИФА раҳбари. 

“Таҳқирлаш ҳолатлари борасида ҳам гап шу, чунки унга қарши кураш бизнинг устувор вазифаларимиздан бири саналади. Ишонамизки, бундай ҳолатлар қайд этилмайди. Агар бўлса ҳам, унда ФИФА жаҳон чемпионатлари тарихида биринчи бор таҳқирлаш аломатларига қарши курашнинг уч поғонали жараёни амал қилади ва учрашув ҳаками агар қандайдир ирқчилик ёки тоқатсизлик ҳолатлари аниқланса, ўйинни тўхтатиши ёки умуман бекор қилиши мумкин бўлади. Бундай иллатларга йўл қўйиб бўлмайди ва бу борада жуда эҳтиёткор бўламиз”, деб таъкидлаган Инфантино.

Инфантино ҳакамларга видеоёрдам тизими ўзини яхши намоён қилгани ва жаҳон чемпионати вақтида ҳакамларга салмоқли ёрдам кўрсатишини айтди.

“Биз янги технологиялар ҳам жамоларга, ҳам ҳакамларга фойда келтира олади, деб умид қилмоқдамиз. 2018 йилга жуда оз қолди ва биз бугунги кунда ҳакамларга тўғри, асосланган қарорлар қабул қилишда ёрдам бериш учун янги имкониятларни излаётганимиз мутлақ табиий ҳолдир. Ҳакамларга видеоёрдам тизими шу имкониятлардан биридир”, деб айтди ФИФА президенти.

“Россиядаги жаҳон чемпионатида видеотакрорларни қўллаш масаласи 2018 йил мартда кўриб чиқилади, бироқ айни вақтда биз бу тизимни қўллаш жуда муваффақиятли бўлганини айта оламиз. Бу тизим ҳакамларга бирорта одам ҳам кафолатланмаган жиддий хатоларга йўл қўймасликда ёрдам бермоқда. Пировард натижада барчаси ҳакамлар ва жамоаларга наф келтиради. Бу билан бир қаторда биз дарвозалар ишғол қилинганини автоматик аниқлаш тизимини ҳам қўллаймиз”, деб қўшимча қилди Инфантино.  

Жаҳон чемпионати 2018 йил 14 июндан 15 июлгача Россиянинг 11 та шаҳридаги 12 стадионда бўлиб ўтади. 1 декабрда Москвадаги Кремль саройида жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими бўлади.