Шимолий Кореянинг янги "Хвасон-15" ракетаси нафақат ядро каллаги, балки биологик ва кимёвий қуролни ҳам белгиланган нишонга етказа олади. Япония мудофаа вазири Ицунори Онодэра шундай баёнот берди.

"Бизнинг фикримизча, Шимолий Корея ракетаси фақат ядро каллагини эмас, балки биологик ва кимёвий қуролни ҳам таший олади", - деган вазир парламентда чиқиш қилар экан. Унинг қайд этишича, мудофаа вазирлиги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги билан бирга маҳаллий аҳоли учун ядровий, биологик ёки кимёвий ҳужум эҳтимолига қарши машғулотлар ташкил этади. 

КХДР 29 ноябрь куни ярим тунда янги ракета синовини ўтказди. Ракета 1 минг км.га яқин масофага парвоз қилиб, Аомори префектурасидан 250 км шимолга қулаб тушган. Унинг парвоз баландлиги 4 минг км.дан баландни ташкил этган.