АҚШ Давлат департаменти Тошкентдаги элчихонадаги хизматчилар Кубадаги каби акустик ҳужумга учрагани ҳақидаги хабарни инкор этди. Бу ҳақда департамент расмийси Ҳезер Науэрт ўз твиттерида ёзган.

«Биз Ўзбекистонда бундай ҳодиса рўй берганини тасдиқлай олмаймиз», деган у.

«Департамент биринчи навбатда дипломатларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги ҳақида қайғуради, бутун дунёдаги ходимлар ҳимоя қилинади.

Аммо биз АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимларининг биронтаси Кубадаги каби ҳужумга йўлиққани ҳақидаги маълумотни тасдиқламаймиз», - дея қўшимча қилган матбуот котиби.

Тошкентдаги элчихонада Кубадаги сингари акустик ҳужум бўлгани ҳақида кун аввалида Америка матбуотида хабарлар тарқалганди. 

Хусусан, CBS News хабарида АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлигининг (USAID) Тошкентдаги ваколатхонаси ходимларидан бири ва унинг умр йўлдоши сентябрь ойида «акустик хуружга учрагани» ва АҚШга қайтгани ҳақида айтилганди.

CBS News хабарида Ўзбекистон-Россия яқинлиги тилга олинган ва Москва бу ишда гумон қилинган.

USAID - Давлат департаменти билан қалин ҳамкорлик қиладиган давлат ташкилоти бўлиб, турли хорижий давлатларга ёрдам кўрсатишда воситачилик қилади.

Давлат департаменти CBS News телеканалининг шундай ҳодиса бўйича сўровини рад этган.

«Биз ҳар бир ҳолатни алоҳида муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Биз USG ходимларига дунёнинг исталган нуқтасида ёрдам кўрсатамиз. Биз ўз ходимларимиз тиббий кўрикдан ўтиши ва даволанишини таъминлаймиз», - дейилган Давлат департаменти матбуот хизмати хабарида.

Август ойида Кубадаги америкалик дипломатлар шундай ҳужумларга учраганини тан олганди. Шундан сўнг, АҚШ кубалик дипломатларни мамлакатдан чиқариб юборганди. Ҳаванадаги элчихонага қасддан амалга оширилган хуружларда кўплаб кишилар зарар кўрган. Бундай ҳужумлар одамнинг эшитиш ва кўриш қобилиятини бузиб, асаб касалликлари ва уйқусизлик келтириб чиқаради. Кучли технологиялар орқали амалга ошириладиган бу ҳаракатлар ортида Россия тургани гумон қилинади. Кремль бу даъволарни қатъиян рад этиб келади.