Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған твиттер ижтимоий тармоғида кўплаб машҳур инсонлар, жумладан блогер Жером Жарр ва француз актёри Омар Си томондан ташаббус билдирилган, роҳингя-мусулмонларига ёрдам бериш кампаниясини «#LoveArmyforRohingya» (Роҳингяни севувчи армия) қўллаб-қувватлади.     

Туркия президенти твиттердаги блогида франциялик блогернинг Аракан мусулмонларига ёрдам бериш чорловига жавоб берди.

“Қадрдон Жером Жарр! Биз муҳтожлар қаерда бўлмасин, уларга ёрдамимизни аямаймиз. #LoveArmyforRohingya’нинг саъй-ҳаракатларини AFAD, TİKA, Туркия қизил яримой жамияти каби гуманитар ташкилотларимиз ҳамда Turkish Airlines авиакомпанияси воситасида қўллаб-қувватлаймиз”, деб ёзган Эрдўған. 

Аввалроқ блогер ўз блогида “Биз сизнинг ҳар бирингизга муҳтожмиз! Биз миссиямиз учун Туркия президентидан ёрдам сўраймиз. @RT_ERDOGAN'ı RT ва #ErdoganHelpRohingya тегларидан фойдаланишингиз мумкин” деб ёзганди.

Эрдўғаннинг роҳингя мусулмонларига ёрдам кампаниясини қўллаб-қувватлашга чорловчи теги Франциядаги, #ErdoganHelpRohingya теги эса кўплаб давлатлардаги энг муҳокама қилинган мавзуга айланган.

Мьянманинг Аракан штатида яшовчи роҳингяларга қарши ҳужумлар 25 августдан жадаллашган ва “жангариларга қарши кураш” важи билан ўтказиб келинмоқда. Шу сабабли ҳудуддаги гуманитар вазият кескин ёмонлашган. Аракандан 613 минг киши жон сақлаш мақсадида Бангладешга қочган.