Эстония ҳар кунлик савдода қоғоз пуллар ва тангалардан энг тез воз кечаётган евро ҳудуди давлатлари ичига кирди: Болтиқбўйидаги ушбу мамлакат аҳолиси ҳар кунлик тўловларнинг ярмидан кўпини банк карточкалари ёки бошқа нақдсиз ҳисоб-китоб йўли билан амалга оширади, деб хабар бермоқда Би-би-си.

Европа марказий банки томонидан ўтказилган тадқиқотнинг кўрсатишича, евро ҳудудида нақд пулдан тўловнинг замонавий шаклларига ўтиш жараёнида Бенилюкс давлатлари, Эстония ва Финляндия етакчи саналади.

Нидерландияда 2016 йилда нақдсиз тўлов ёрдамида амалга оширилган харидлар улуши 55 фоизни, Эстонияда – 52 фоизни ташкил этди; учинчи ўринда эса Финляндия қайд этилган. 

Шунингдек, агарда харид қиймати ҳисобга олинса, Нидерландияда нақдсиз ҳисоб-китобга товарлар ва хизматлар чакана айланмасининг 73 фоизи тўғри келади, Эстония, Бельгия, Люксембург ҳамда Финландияда – қарийб 70 фоиз.

Евроҳудуднинг жанубий давлатлари – Португалиядан тортиб Кипргача, шунингдек Германия ҳозирча эски усулда тўловни амалга оширишни маъқул кўрмоқда: бу ерда харидларнинг 80-90 фоизи нақд пул билан қилинади.

Сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб нақд пул улуши қисқармоқда, бу ерда евро ҳудуди давлатлари эса етакчи эмаслигини таъкидлаб ўтиш лозим.

Евроиттифоққа кирувчи Швеция ўз пул бирлиги – кронани сақлаб қолган бўлиб, ушбу валютанинг барча жисмоний шаклларидан деярли воз кечиб бўлди. Ушбу давлатда ҳар кунги ҳисоб-китобларда қоғоз пуллар ва тангалар улуши ўтган йили нолга яқинлашиб, турли тахминларга кўра, 1 ёки 2 фоизга тенг бўлди.

Британия – (ҳозирча) Евроиттифоқнинг ўз валютасига эга давлати – Швециядан жуда орқада қолмоқда, бироқ жаҳондаги энг “нақдсиз” мамлакатлар ўнлигига киради: бу ерда нақд фунтлар эвазига харид улуши 40 фоиздан кам ҳамда тезлик билан қисқариб бормоқда.

Россияда нақдсиз ҳисоб-китоблар улуши тез ўсмоқда ва россияликлар бу кўрсаткич бўйича италияликлар, греклар, кипрликларни ортда қолдиришди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда ҳам тўловлар асосан пластик карталар ёрдамида амалга оширилади. Бироқ, ҳукумат нақд пулдан фойдаланишда муаммолар бўлмаслиги учун пойтахтнинг баъзи бозорлари яқинида банкоматлар ҳам ўрнатди.