Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, департаментлар мудирлари, вазирлар, қўмита ва компаниялар раисларининг шахсий масъулиятини кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. 

ЎзА хабарига кўра, йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди. 

Йиғилишда президент бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини қайд этиб ўтди.

«Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан ижобий самараларга эришилмоқда. Шу билан бирга, аҳолини безовта қилаётган кўпгина муаммо ва камчиликлар ҳам ўз ечимини кутиб турибди. Одамларимиз эртага ёки узоқ келажакда эмас, балки бугун яхши яшашни, муносиб ҳаёт кечиришни истайди. Шунинг учун биз олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришимиз, уларнинг сифати ва самарадорлигини янада оширишимиз зарур», деган давлат раҳбари. 

Шавкат Мирзиёев ўз сўзида кун тартибидаги масалага чуқур таҳлил асосида танқидий ёндашиб, аксарият раҳбарлар томонидан тартиб-интизом ва масъулиятнинг бўшаштириб юборилгани, улар ўз фаолиятини замон талаблари асосида ташкил эта олмаётгани, хизмат вазифасига лоқайдлик ва бепарволик билан муносабатда бўлаётгани каби ҳолатлар умумий натижадорликка салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. 

«Мана, яқинда иш фаолиятимизга бир йил тўлади, аҳолимиз, бизга катта умид ва ишонч билдирган халқимиз олдида амалий ишларимиз билан ҳисобот берадиган вақт келди. Ишга янгича ёндашиш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш, фидойилик ва жонкуярлик кўрсатиш ижро ҳокимиятининг барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилари фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур», деган президент. 

Президент олдинга қўйилган, эл-юрт кутаётган натижаларга ҳали тўла эриша олинмаганини очиқ тан олиш кераклигини таъкидлаган. Бу борадаги ишларни фаоллаштириш, янги босқичга кўтариш мақсадида 27 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилингани маълум қилинган. 

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, ҳукумат аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг самарали ва натижали ишини таъминлаш, уларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси қайта шакллантирилиб, янги комплекслар ва вазирлик ташкил этилди.