Вазирлар Маҳкамасининг 22.11.2017 йилдаги 937-сон “Олий малакали илмий ва     илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

У билан иккита низом тасдиқланди:

•  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;
•  Илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда диссертацияларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом.

Диссертацияларни экспертизадан ўтказиш харажатларини ким тўлайди

ОАК эксперт кенгашлари аъзоларининг илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш учун меҳнатига ҳақ тўлаш соатбай шартларда ОАК томонидан амалга оширилади. Бунда:

•  эксперт кенгаши раиси ва илмий котибига - эксперт кенгашининг ҳар бир ўтказилган мажлиси учун, амалда уни ўтказиш учун сарфланган вақтдан келиб чиққан ҳолда, бироқ ҳар бир мажлис учун 5 соатдан кўп эмас;
•  экспертларга - фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш юзасидан диссертацияни экспертизадан ўтказиш учун 8 соат ҳамда фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш юзасидан диссертацияни экспертизадан ўтказиш учун 5 соат ҳисобидан.
 
Илмий даража олиш юзасидан бир диссертация экспертизаси эксперт кенгаши раиси тайинлайдиган бир эксперт томонидан ўтказилади. Экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича баҳсли вазиятлар вужудга келганда, эксперт кенгаши раиси OAK раиси билан келишилган ҳолда унинг меҳнатига ўхшаш шартларда ҳақ тўлаш билан мазкур диссертацияни бошқа эксперт томонидан такроран экспертизадан ўтказишни тайинлаши мумкин.
 
Илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдори раҳбар кадрлар ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича таълим муассасалари (курслари) тингловчиларига ўқув машғулотлари ўтказадиган шахслар учун тўланадиган соатбай иш ҳақи миқдори кабидир.
 
Илмий даражалар олиш юзасидан чет давлатда бажарилган диссертацияларнинг OAK эксперт кенгаши томонидан амалга оширилган экспертизаси учун тўлов чет эл фуқароларининг ўзи томонидан амалга оширилади. Тўлов миқдорлари OAK томонидан амалдаги сарф-харажатлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бу ҳолатда OAK эксперт кенгаши раиси, илмий котиби ва экспертлари меҳнатига ҳақ тўлаш кирим қилинган тўлов ҳисобидан амалга оширилади.
 
ОАКда илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларда плагиатни аниқлаш юзасидан электрон экспертиза ўтказиш ва «OAK Бюллетени» журналида диссертациялар мавзуларини эълон қилиш учун сарф-харажатларни тўлаш, агар диссертация ҳимоя учун талабгор олий ўқув юртидан кейинги таълим институтида ўқиш даврида қабул қилинган тақдирда талабгор меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ёки диссертация бажарилган ташкилот ва муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Агар диссертация илмий кенгаш томонидан шу муддат тугагандан кейин қабул қилинган тақдирда сарф-харажатлар ўз маблағлари, шунингдек, тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.
 
Қўшимча сарф-харажатлар қандай тўланади?

Илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда диссертацияларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сарф-харажатлар қуйидагилардан иборат бўлади:

•  илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларга оппонентлик учун;
•  илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар авторефератларини чоп этиш ва юбориш учун;
•  бошқа шаҳарлик оппонентларнинг йўлкира, яшаш харажатлари ва суткалик пулларини тўлаш учун сарф-харажатларни қоплаш учун;
•  илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар ҳимоясини стенография қилиш учун.

Улар ҳам илмий кенгаш томонидан диссертацияларни қабул қилиш санасига боғлиқ ҳолда тўланади:

•  талабгор меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ёки диссертация бажарилган ташкилот ва муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, - талабгор олий ўқув юртидан кейинги таълим институтида ўқиш даврида қабул қилинган тақдирда;
•  талабгорнинг ўз маблағлари, шунингдек, тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, - ўқиш муддати тугаганидан сўнг қабул қилинган тақдирда.

Диссертацияларга оппонентлик қилиш учун оппонентларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш соатбай асосда қуйидаги ҳисобда амалга оширилади:

•  ҳар бир оппонент учун 8 соатдан - фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш юзасидан бир диссертацияга оппонентлик қилиш учун;
•  ҳар бир оппонент учун 6 соатдан - фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш юзасидан бир диссертацияга оппонентлик қилиш учун.

Оппонентларнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдори, раҳбар кадрлар ва мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича таълим муассасалари (курслари) тингловчиларига ўқув машғулотлари ўтказадиган шахслар учун тўланиши назарда тутилган соатбай иш ҳақи миқдорига тенглаштирилади. Уларнинг ишига ҳақ тўлаш ҳузурида тегишли илмий кенгаш фаолият юритаётган муассаса томонидан, тузилган меҳнат шартномалари асосида амалга оширилади.

Илмий даражалар олиш юзасидан диссертациялар авторефератларини чоп этиш ва юбориш учун сарф-харажатларни тўлаш, маблағларни белгиланган тартибда бевосита тегишли нашриёт муассасалари ва почта хизмати бўлинмаларига ўтказиш (кирим қилиш) орқали амалга оширилади.

Диссертациялар бўйича бошқа шаҳарлик  оппонентларга, ҳузурида тегишли илмий кенгаш фаолият юритаётган муассаса томонидан қуйидаги харажатлар қопланади:

•  диссертация ҳимоясини ўтказиш жойига бир марталик келиб-кетиш;
•  яшаш жойи ижараси ва  суткалик пуллар - 3 кун муддатгача.

Бунда уларнинг асосий иш жойидан хизмат сафари харажатлари қопланмасдан хизмат сафари гувоҳномаси берилади ҳамда ўртача иш ҳақи (3 кун муддатгача) сақланади.

Нострификациялаш учун – 1 ЭКИҲ

Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида низомга қўшимчалар киритилди. Хусусан, чет мамлакатларда берилган илмий даражалар тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва эквивалентлигини қайд этиш учун ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида тўлов жорий қилинмоқда.
 
Шунингдек Олий аттестация комиссиясига илмий даража тўғрисидаги дипломни нострификациялаш учун тақдим этиладиган аттестация иши ҳужжатлари рўйхатига ҳам тузатиш киритилди. Ундан қуйидаги ҳужжатлар чиқариб ташланди (энди талаб этилмайди):

•  талабгорнинг имзоси билан ва иш жойи бўйича тасдиқланган илмий ишлар рўйхати;
•  талабгорнинг илмий журналларда нашр этилган мақолалари нусхалари;
•  қабул қилишни рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш карточкаси.

Ҳужжатлар пакетига қўшимча равишда энди  чет давлатларда олинган фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларни бериш тўғрисидаги ҳужжатнинг нотариал тасдиқланган ўзбек тилидаги таржимасини илова қилиш лозим.

Ҳужжат 25.11.2017 йилдан кучга кирди.