Тожикистон президенти Имомали Раҳмон кеча республика ҳукуматининг навбатдаги йиғилиши давомида мамлакатга олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, парранда гўшти сифатида устидан назоратнинг етарли даражада эмаслигидан норози бўлди, деб хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Манба маълумотларига кўра, «олиб кирилаётган парранда гўштининг сифати паст ва истеъмол қилишга яроқсиз» экани таъкидлаб ўтилган.

Шу сабабли мамлакат ҳукумати қарорлари билан Стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва савдо инспекцияси агентлиги директори Ибодулло Қурбониён, Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ветеринария назорати хизмати раҳбари Шерали Вазиров ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария ва эпидемиологик назорат бўйича давлат хизмати бошлиғи Холмаҳмад Каримзода эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, одатда Тожикистондаги давлат амалдорлари фуқароларга сабаби ошкор этилмай туриб лавозимлардан олинади, бу эса кўплаб миш-мишлар келтириб чиқаради. Бу республика ҳукумати учун ишдан олинишга нима сабаб бўлгани айтилган биринчи ҳолатлардан бирига айланди.