Россия махсус хизматлари ҳеч қачон “Лаборатория Касперского” компаниясидан Ғарбда одамлар ортидан кузатув олиб боришда ёрдам беришни сўрашмаган. Бу ҳақда компания раҳбари Евгений Касперский маълум қилди. 

“Улар биздан ҳеч қачон одамлар ортидан айғоқчилик қилишни сўрашмаган. Ҳеч қачон”, деб таъкидлаб ўтган Касперский. Унинг айтишича, бундай илтимос компаниянинг ишлаш географиясини тубдан ўзгартириб юборган бўларди. “Агар Россия ҳукумати менга мурожаат қилиб, мендан ёки ходимларимдан нимадир ёмон нарса ҳақида илтимос қилса, унда мен бутун компаниямни Россиядан олиб чиқиб кетган бўлардим”, – деб айтмоқда Касперский.

АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги сентябрда АҚШ давлат муассасаларини “Лаборатория Касперского” ишлаб чиққан антивирус дастурларидан воз кечишга чақирганди. Вазирлик бу талабнинг бажарилиши учун 3 ой муҳлат берган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳолатга изоҳ бериб, АҚШ ҳукуматининг бу қарорини сиёсийлашган деб атаганди. Россия ҳукумати АҚШнинг бу қарорини рақобатчиликнинг нопок усулининг намоён бўлиши деб таърифлаган. Компаниянинг ўзи эса бир неча маротаба кибержосусликка алоқаси йўқлигини айтган.