"Касперский лабораторияси" Google Play иловалар дўконида 85 та зарарли иловани аниқлади. Улар фойдаланувчиларнинг "ВКонтакте" ижтимоий тармоғига кириш учун фойдаланган маълумотларини ўғирлаган. Бу ҳақда вирусларга қарши дастурий таъминотлар ишлаб чиқарувчисининг хабарида сўз юритилган. 

Компания "ВКонтакте" ва Google маъмуриятларини таҳдиддан огоҳлантирган. "Айни вақтда барча зарарли кодга эга бўлган иловалар Google Play дўконидан ўчирилган", - дейилади хабарда. 

Иловаларнинг аксарияти ижтимоий тармоқ учун турли хил тўлдиришлар, масалан мусиқани юклаб олиш ёки саҳифани кўрганларни қайд этиш иловалар номи остида ниқобланган. 

Хавфли иловаларнинг энг кенг тарқалгани мобил ўйин сифатида яширинган бўлиб, бир миллион мартадан ортиқ юклаб олинган. "Эътиборли жиҳати даставвал у зарарли кодга эга бўлмаган, балки 2017 йил октябридаги янгиланиш вақтида қўшилган", - дейилади "Касперксий лабораторияси" маълумотида.

Яна 7 та зарарли илова 10 минг мартадан 100 минг мартагача юклаб олинган. 

Таҳлилчилар маълумотига кўра, жиноятчилар ўғирланган маълумотлардан "ВКонтакте"даги гуруҳларни тарғибот ва ташвиқот қилишда фойдаланишган. Айрим фойдаланувчилар, ўзлари билмаган ҳолда айрим саҳифаларга ёзилиб қолишганидан нолишган.