Сунъий интеллект, нейроинтерфейс ва бир қарашда фантастик технологиялар яқин келажакда оммалашиб кетиши кутилмоқда. Lifehacker сайти шу каби технологияларнинг кенг тарқалиши кутилаётган намуналарига тўхталган. 

1. Ақлли кўзойнаклар

Google Glass — интернет қидирув хизматидан тақдим этилган ақлли кўзойнакдир. Улар 2014 йил ўрталаридаёқ намойиш қилинганди. Ушбу технологиянинг ҳозирча оммалашмаётганининг ягона сабаби — нархида. Google компаниясининг ақлли кўзойнагини харид қилмоқчи бўлсангиз 1 500 долларнинг баҳридан ўтишингиз керак бўлади. 

Айтиш жоизки, ақлли кўзойнаклар қимматлиги сабабли улардан воз кечиш ярамайди. Бир вақтлар мобил қурилмалар ҳам қиммат бўлгани, ҳамма ҳам мобил телефонлардан фойдалана олмагани эътиборга олинса, Microsoft ва Sony компаниялари ҳам ақлли кўзойнаклар устида иш олиб бормоқда. Бу эса, тонгги югуриш вақтида видео ҳам кўришингиз мумкинлигини англатади. 

2. Smart Data

Автоматлаштириш — замонавий технологиялар ҳал қилишга уринаётган асосий вазифалардан биридир. Гарчи бугунги кунда жараёнлар автоматлашган тарзда давом этаётганига қарамай, айрим ишларни қўлда бажаришга тўғри келмоқда. Масалан, телефон рақамларини алоқалар рўйхатига киритиш шу жумладан. Эҳтимол бу ишни ҳам тез орада қурилманинг ўзи бажарса ажаб эмас. 

RelateIQ компанияси сизнинг жорий алоқалар рўйхати, электрон почтаси ва хабарлардан келиб чиққан ҳолда алоқалар рўйхатини тузиш устида иш олиб бормоқда. Натижада сизга исмни айтиш кифоя қилади. Барча маълумот телефонингизда пайдо бўлади. 

3. Олиб юриладиган электроника

Ақлли кўзойнаклар ва соатлар — бу бизни ташқи дунё билан боғлайдиган қурилмалардир. Аммо бизни танамиз билан ҳам боғлайдиган технологиялар борлигини унутмаслик керак. Уларнинг ишланмаси билан йирик илмий институтлар, корпорациялар ва кичик компаниялар шуғулланмоқда. Гап юрак қисқаришларини ўлчай оладиган қулоқчинлар, қон таркибидаги қанд моддаси миқдорини ўлчайдиган линзалар, NFC технологияли татулар ҳақида бормоқда.

Ишлаб чиқувчилар бу каби гаджетларни ҳавола қилишар экан, бозорни турли имплантлар тўлдиради. Улар муҳим маълумотларни тўплайди ва ўша юқори қайд этганимиз ақлли кўзойнакда акс эттиради. 

4. Ақлли уй

Бу технология аллақачон ҳақиқатга айланган. Музлатгичлар қайси маҳсулот тугаётганидан хабар бермоқда, пиширгични смартфон воситасида бошқариш мумкин. 

Яқин келажакда пиширгичлар уйга келгунингизча таомни иситиб қўйишни, музлатгич эса, маҳсулотни ўзи буюртма қилишни ўрганади. Сиз бу вақт ичида бошқа муҳимроқ ишларни бажаришингиз мумкин бўлади. 

5. Виртуал реаллик

Oculus Rift, HTC Vive ва PlayStation VR — буларнинг барчаси янги ўйин тажрибасини тақдим этади. Албатта фантастика тарафдорлари виртуал реаллик ҳақида бонг уриб келишмоқда, аммо бу ҳақиқатга айланиши ҳақида ким ҳам ўйлабди, дейсиз?

Ўйин қурилмалари ишлаб чиқарувчилар бизларга виртуал реалликдан янги-янги ҳиссиётлар олишимиз учун кўпмиллионли маблағларини сарфламоқда. VR-қурилмалар ривожланишига асос қўйилган. Тез орада биз уйимизни тарк этмасдан истаган сайёраларга саёҳат қилишимиз мумкин. 

6. Голографик тасвирлар

«Юлдузлар жанги» ёки «Ўзига хос фикр» фильмидаги голографик тасвирлар ёдингиздами? Ҳозирдаёқ бу каби технологиялар фантастика бўлмай қолди. 

Голографик проекцияларни қўллаш соҳаси фақат ўйинлар ва медиа билан чегараланмаган. Тасаввур қилинг, контакт линза тасвирни кўз қорачиғида акс эттиради. Кўриш билан муаммоси борлар жарроҳлик амалиётисиз яхши кўра олишади. 

7. Нейроинтерфейс

Аслида нейроинтерфейсга ўхшаш нарса аллақачон ишлаб чиқилган ва тиббиётда муваффақиятли қўлланилмоқда. Квадриплегиклар — танаси тўлиқ шол бўлиб қолганлар — компьютердан фойдаланган ҳолда нейроинтерфейс воситасида гаплашишади. 

Албатта, технология мукаммалликдан анча узоқ. Бироқ нейротехнологиялар тараққий этиши билан жамиятга қайтиши ва ҳаётдан тўла баҳра олиши мумкин. 

8. Универсал хизматлар

Интернетнинг глобаллашуви тасаввур қилиб бўлмайдиган қамровга эга бўлиб бормоқда. Дунёнинг исталган нуқтасида бу тармоққа уланиш мумкин. Илон Маскнинг кенг қамровли лойиҳаси амалга ошгудек бўлса, интернет ҳамма ерни қоплаб олади.

Шунга кўра, Uber каби хизматлар пайдо бўлаётгани таажжубланарли эмас. Бу мобил илова ёрдаида дунёнинг исталган мамлакатида буюртма бериш мумкин бўлган такси хизматидир. Яқин-яқинлардан бошлаб Uber таом етказиб бериш хизматини ҳам йўлга қўйди. Тез орада бу каби универсал хизматлар янада кўпаяди. 

9. Рақамли етказиб бериш

Дунё катта суръатларда ўзгариб бормоқда. Бундан 15 йиллар аввал яқин келажакда мусиқа, кино ва ўйинлар дискларини сақлашга ҳожат қолмаслигини тасаввур ҳам қила олмас эдик. Steam ва онлайн-кинотеатрлар бизнинг дўконларга боришимиз ўрнини эгаллади. Севимли гуруҳнинг янги албомини харид қилиш ўрнига, мусиқа хизматига обуна бўлиш ва барча мусиқаларини тинглаш имконига эга бўлиш қулайроқ, албатта. 
Рақамли етказиш ўз чўққисига етганича йўқ, кўпчилик ҳамон ахборот ташувчи жиҳозлардан фойдаланмоқда.

10. Роботлар

Роботсозлик сўнги 10 йилда анча ривожланди. Тўғри, ҳақиқий терминаторлар пайдо бўлиши учун бир неча 10 йиллар борлиги аниқ. Лекин оғир ва кўптонналик ишларни титанли елкалари ёрдамида бажариб ташлайдиган роботлар яин орада пайдо бўлса, ажаб эмас. Масалан, бу борада Boston Dynamics компанияси хизматларини эътироф этиш керак.

11. Биоёқилғи ва энергиянинг янгиланадиган манбалари

Омон бўлсак, яна 30 йиллардан сўнг биз қазилма энергия манбаларидан қайта тикланувчи манбаларига ўтамиз. Нефть ва газ қачондир тугайди, қуёш ва шамол энергиялари эса, аксинча. Бундан ташқари қуёш батареялари экологик тоза маҳсулотдир. 

12. Энергиясини симсиз узатиш

Қурилмалар ва технологиялар ҳар йили тобора кўпроқ энергия сарфламоқда. Шу боисдан ҳам биз уларни узлуксиз электр қуввати билан таъминлашимиз керак. Телефонларни симсиз қувватлаш — бу жараённинг бошлашидир.

Исроилда, аллақачон, электромобилни ҳаракатланиш чоғида қувватлантирадиган йўл синовдан ўтказилди. Apple жорий йилда смартфонни Wi-Fi орқали қувватлаш технологиясини рўйхатдан ўтказди. Агар муҳандислар жуда кенг ҳажмдаги аккумуляторларни ишлаб чиқа олишмаса, уларни умуман қувватни йўқотмаслигини таъминлаш керак бўлади. 

13. 5G интернет

Интернет трафиклар ҳажмининг доимий равишда ўсиши мобил тармоқлар ривожини белгилаб бермоқда. Мессенжерлар, видеоқўнғироқлар, 4К-видео ва стриминг хизматларига маълумотларни юборишнинг янги технологиялари талаб этилади. Шундай экан, яқин келажакда 5G интернети пайдо бўлиши шубҳасиз. 

14. Сунъий интеллект

Тўлиқ ишлай оладиган сунъий интеллектни ишлаб чиқиш — бу шунчаки бироз вақт талаб этадиган жараён. У инсон цивилизацияси ривожида туб бурилиш нуқтаси бўлади. Шундан сўнг, дунё бутунлай ўзгаради. 

Аслида, нейротармоқларнинг ривожланиш суръатлари эътиборга олинса, сунъий интеллект эришиб бўлмайдиган нарса эмас. Машиналани ўргатиш юқори даражага чиқди ва ҳозирда кўп нарсани бажара олади. Мисол учун у сценарийлар, китоблар ва қўшиқлар ёзиши мумкин. 

Албатта дастурлар кўнгилдагидек ишлаётгани йўқ, аммо нейротармоқлар биз тўғри йўналишда ҳаракатланаётганимизни исботлайди. 

15. Графен

Биринчи графен 2004 йили ишлаб чиқарилди. Ўшандан буён олимлар материални кенг миқёсда ишлаб чиқариш усули устида бош қотиришмоқда. 

Графен — ўзига хос хусусиятларга эга бўлган универсал материалдир. Ундан ҳаётимизнинг барча жабҳасида фойдаланиш мумкин. Маълумотларни тезкор узатиш, сувни тозалаш фильтрлари ва ҳатто смартфоннинг синмайдиган корпусларини ясаса бўлади. Бу маҳсулотни саноат миқёсида ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, яна бир саноат инқилоби бўлиши аниқ.