Москванинг Южное Бутово туманида турмуш ўртоғи томонидан ташлаб кетилган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл ўзини ёқиб юборди. Бу у эркак бошқа аёлга уйланганини билиб қолганидан сўнг юз берди. Жабрланувчи жуда жиддий куйиш жароҳатлари билан шифохонага олиб кетилди, унинг аҳволи ўта оғирлиги айтилмоқда.

Россия ОАВнинг хабар беришича, Ўзбекистон фуқароси бўлган 32 ёшли Дилфуза исмли аёл Сирожиддин исмли эркак билан Ўзбекистонда учраша бошлаган. Жуфтлик тахминан олти йил аввал Москвага пул топиш мақсадида кўчиб ўтган. Сирожиддин қурилишда, Дилфуза эса гипермаркетлардан бирида ишлаган. Тахминан бир йил муқаддам улар жанжаллашиб қолади, ҳамда аёл етти ёшли ўғли билан уйига жўнаб кетади. Эркак эса орадан икки ой ўтиб Подольск шаҳридан бўлган кўп болали Наталья исмли аёлга уйланган. 

Дилфуза воқеадан бир ой ўтиб хабар топган, ҳамда фарзанди билан Москвага қайтиб келди. Аёл турмуш ўртоғини қидириб топган ҳамда уни қайтаришга уринган. У ҳаттоки унинг янги рафиқаси билан учрашади.

Улар шундай қарорга келишади: Сирожиддин Захарьинодаги хусусий уйни таъмирлай бошлайди, Дилфуза эса боласи билан бу уйда то эркак Ўзбекистонга улар учун қайтиш чиптасига пул тўплаб бермагунича яшайди. 

Жуфтликнинг танишлари сўзларига кўра, ҳаммаси режадагидек кетган, бироқ Дилфуза рашк қила бошлаган. У Сирожиддиннинг машинасида бензин датчиги ишламаслиги ҳамда у ўзи билан беш литрли канистрада ёқилғи олиб юришини билган. 25 ноябрь куни автомобиль очиқлиги, эркак эса иш билан бандлигидан фойдаланиб, у ўзига ёқилғи қуйган ва уни зажигалка билан ёққан. Сирожиддин ҳовлида оловни кўриб, ўғлига кўчага чиқишни тақиқлади ва ёнаётган аёлни ўчиришга уринди. Қўшнилар эса тиббиёт ходимларини чақиришган ҳамда тез ёрдам машинаси ҳар иккисини шифохонага олиб кетди. Эркакнинг қўли куйган, бироқ у касалхонага ётишдан бош тортди, аёл эса жонлантириш бўлимига йўналтирилди.

Жабрланувчи ҳаёт ва ўлим орасида экани ҳамда сунъий нафас бериш қурилмасига улаб қўйилгани айтилмоқда. Унинг танасининг 80 фоиз қисми куйган.