Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг кичик қизи Алия Назарбоева Қозоғистон Экологик ташкилотлар ассоциацияси президиумига раҳбар бўлди, деб хабар қилмоқда Ortсom.kz портали.

"Ассоциация президиумига Алия Назарбоева раҳбар бўлди, у “Жамият учун аҳамиятли ташаббусларни ривожлантириш жамғармаси”ни бошқаради. Жамғарма эса, ўз навбатида, экология масалалари билан шуғулланади. Ассоциация васийлик кенгаши “яшил” иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Рае Квон Чунг орқали тақдим этилган, у яшил ўсиш Концепцияси муаллифи саналади", - дея таъкидланади тарқатилган хабарда.

Қозоғистон экологик ташкилотлар ассоциацияси ўз олдига тизимли экологик ташаббусларни илгари суриш ва генерацияси учун майдончалар яратиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, сармояларни жалб қилиш, халқаро лойиҳалар ва дастурларда иштирок этиш, халқаро экспертларни жалб қилиш, “яшил” технологиянинг татбиқ этилишига кўмаклашиш, шаҳарларда барқарор ривожланиш принциплари бўйича экологик инфратузилмани ривожлантириш ҳамда инновацияларни илгари суриш, Қозоғистон Республикасининг экологик масалалар бўйича қонунчилигини такомиллаштириш каби вазифаларни қўяди.

Остонада декабрь ойида Ассоциация аъзоларининг давра суҳбати шаклидаги биринчи йиғилиши бўлиб ўтади, унда экологик масалалар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш муҳокама этилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 ноябрь куни Қозоғистон парламенти Сенатининг халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси, Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг янги раиси этиб сайланганди.