АҚШда кутилмаганда хом ашё захиралари ҳажми ортиши ҳамда ОПЕК+ учрашуви арафасидаги номаълумлик фонида нефть нархи қулашда давом этмоқда.

Бугун Brent тоифасидаги нефть нархи бир баррели учун 63,16 долларни ташкил этган (0,71 фоизлик пасайиш).

WTI нефтининг бир баррели эса 57,70 долларга баҳоланмоқда (0,50 фоизлик пасайиш).

Америка нефть институти (API) маълумотларига кўра, АҚШдаги нефть захиралари ҳажми 24 ноябрь куни 1,8 миллион баррелга ўсди ва 457,3 миллион баррелга етди. Ҳолбуки, прогнозларга кўра, захиралар ҳажми 2,3 миллион баррелга камайиши кутилганди.

Таҳлилчилар бозор айни вақтда 30 ноябрь куни Австриянинг Вена шаҳрида ўтказиладиган ОПЕК+ йиғилишини кутаётганини айтмоқда. Бу йииғилишда ОПЕК ташкилотига аъзо бўлмаган, шунингдек, нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича келишувида иштирок этмаётган ўнлаб давлатлар ҳам иштирок этади. Йиғилиш давомида келишув иштирокчилари сонини ошириш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.

«Туркманистон, Ўзбекистон ва Африканинг бир қанча мамлакатлари — Чад, Конго Респубоикаси, Гана, Кот-д'Ивуар, Сенегал, Миср ва Уганда, шунингдек Боливия иштирок этади», — дея маълумот берган ТАСС манбаси.

ОПЕК ва ташкилотга аъзо бўлмаган бир қанча давлатлар, жумладан Россия 2016 йилнинг декабрида нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 1,8 миллион баррелга қисқартириш бўйича келишиб олганди. Кейинроқ бу келишув 2018 йилнинг мартига қадар узайтирилди.

ОПЕК делегатларининг фикрича, кўп эҳтимол билан бу сафарги йиғилишда ҳам бу келишув яна 9 ой муддатга узайтирилади.

Бундан аввалроқ ОПЕК 2018 йилда жаҳонда нефтга эҳтиёж ортишини прогноз қилганди.