Нью-Йоркда теракт амалга оширишда айбланаётган Сайфулло Соипов судда айбини тан олмади. Бу ҳақда Нью-Йорк жанубий округи прокуратураси вакили маълум қилган.

28 ноябрда 29 ёшли Соиповга Нью-Йорк федерал судида айблов расман эълон қилинган.   

“У айбини тан олмади”, деб айтган суд вакили. Соиповни энди кейинги марта судга 2018 йил 23 январда олиб келиш режалаштирилган.

Бир ҳафта олдин катта ҳайъат Соиповга 22 та банддан иборат айблов хулосасини чиқарган. Умумий ҳисобда Соипов 8 та қотиллик, 12 та қотилликни амалга оширишга уриниш, ИШИД террорчилик гуруҳига кўмак бериш ва бунга уриниш, зўравонлик ва транспорт воситасини шикастлаш бўйича айбланаяпти.

Соиповга иккита модда бўйича умрбод қамоқ жазоси ёки ўлим жазоси берилиши мумкин.