Россия ва Саудия Арабистони ОПЕКга кирадиган ва кирмайдиган давлатлар томондан нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича битимни янада ривожлантириш масаласида келишувга келдилар. Бу ҳақда Россия энергетика вазири Александр Новак Саудия Арабистони нефть вазири Холид ал Фалиҳ билан учрашувдан кейин маълум қилган.

“Бизда Саудия Арабистони энергетика вазири билан вазиятни умумий тушуниш бор, биз ҳозир аниқ сценарийларни муҳокама қилмоқдамиз”, деб айтган Новак, бироқ музокаралар тафсилотларини ва битим қанча муддатга узайтирилиши ҳақида ҳеч нарса маълум қилмаган.

Новакнинг айтишича, ОПЕКга кирадиган ва кирмайдиган давлатлар 30 ноябрда битимни узайтириш бўйича аниқ ечимларни қабул қилишлари мумкин.

ОПЕКга кирадиган ва кирмайдиган давлатлар (ОПЕК+) нефть қазиб олишни чеклаш бўйича келишувларни узайтиришни муҳокама қилмоқдалар. Ҳозирда келишувни узайтириш бўйича мумкин бўлган вариантлар қуйидагича: 6 ой, 9 ой ёки бир йил.